
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкентнинг экологик барқарорлигини яхшилаш ва пойтахтни дунёнинг энг барқарор экологик вазиятга эга 300 та шаҳри қаторига киритиш бўйича тизимли ишларни таъминлашни топширди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Oxford Economics таҳлилий марказининг Global Cities Index рейтинги маълумотларига кўра, Тошкент дунёдаги 1000 та шаҳар ичида 471-ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон пойтахти рейтингдаги мавқеини ёмонлаштирган — 2024 йили шаҳар 468-ўринни эгаллаган эди. Ҳисоботда пойтахтнинг иқтисодиёт ва экология бўйича кўрсаткичлари пасайгани қайд этилган.
«Иқтисодиёт» тоифасида Тошкент 553-ўриндан 558-ўринга, «экология» бўлимида эса 861-ўриндан 872-ўринга тушган.
Шу билан бирга, рейтинг муаллифлари инсон капитали соҳасида ижобий ўзгаришларни қайд этмоқдалар. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон пойтахти 13 поғонага кўтарилиб, 136-ўриндан 123-ўринга чиқди.
Ҳаёт сифати бўйича ҳам сезиларли ўсиш кузатилди: бир йил ичида Тошкент 47 поғонага кўтарилиб, 612-ўриндан 565-ўринга чиқди, бироқ ҳамон рейтингнинг қуйи қисмида қолмоқда. «Бошқарув» (Governance) тоифасида ҳам шаҳар бироз яхшиланиш кўрсатиб, 842-ўриндан 840-ўринга кўтарилди.
Таққослаш учун: Остона 276-ўринни, Олмаота 258-ўринни, Чимкент 534-ўринни, Бишкек 498-ўринни, Душанбе 683-ўринни, Боку 346-ўринни эгаллаб турибди.
Энг яхши 300 та шаҳар қаторига кириш учун уч ой муддатда лойиҳаларни тайёрлаш ва шаҳарнинг тўртта қисмида сунъий кўллар ва сув ҳавзалари қурилишини бошлаш топширилди.
2026 йил 1 июнга қадар пойтахтнинг ҳар бир туманида узунлиги 5 км бўлган учтадан соя-салқин сайилгоҳ кўчаларини очиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ҳар 10 та маҳалла учун биттадан яшил боғ яратиш бўйича алоҳида дастур ишга туширилади.
2026 йилда Тошкентда 18,5 км узунликдаги канал қирғоқларини мустаҳкамлаш ва кейинчалик яшил ҳудудлар ҳамда жамоат жойларини яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Чирчиқ дарёсининг Бектемир, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтувчи 16 километрлик қисмини мустаҳкамлаш ҳисобига 800 гектарга яқин ҳудудни ўзлаштириш режалаштирилган. Ушбу ерларда 200 гектар майдонда «яшил белбоғ» яратиш, шунингдек, 250 гектарда ички йўллар, дам олиш масканлари, пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуриш кўзда тутилган.
2025 йил ноябрь ойида Тошкентдаги смог (тутун) ҳамма учун «жиддий қўнғироқ» бўлди, деб баёнот берди Экология қўмитаси раҳбари. Идора мамлакатда ҳаво ифлосланишини камайтириш бўйича тезкор ва узоқ муддатли чора-тадбирларни эълон қилди. Улар энергетика, транспорт, қурилиш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа соҳаларни қамраб олади.
2026 йил якунига қадар Тошкентда дендропарклар ва янги ботаника боғи, соя-салқин хиёбонлар, КҲАЙда «яшил коридор» ва «яшил белбоғ» яратиш режалаштирилган. Фавворалар сонини икки баравар ошириш кўзда тутилган.