Тошкент учун дизайн-код ишлаб чиқилди. У яқин орада муҳокама учун эълон қилинади

Тошкент шаҳри учун дизайн-кодни жорий этиш ва қўллашни тартибга солувчи ҳужжат ишлаб чиқилди. У 2025 йил 25 декабрь куни халқ депутатлари пойтахт Кенгашининг қурилиш, коммунал хўжалик, сув хўжалиги, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, дизайн-кодни тартибга солувчи иловалар яқин кунларда жамоатчилик муҳокамаси, шунингдек, аҳоли ва профессионал ҳамжамият томонидан изоҳлар, таклифлар ҳамда саволлар киритилиши учун Regulation.gov.uz платформасида эълон қилинади.

Пойтахт дизайн-коди Citymakers International — шаҳарсоликни ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва кузатиб бориш бўйича таҳлилий ва лойиҳа маркази ҳамда «Toshkent Invest Kompaniyasi» билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

«Ҳужжат яхлит, қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган бўлиб, пойтахтдаги бинолар ва жамоат жойларининг ташқи кўриниши учун ягона ва тушунарли қоидаларни белгилайди, шунингдек, шаҳар муҳитининг янги — жонли, тартибли ва визуал жиҳатдан уйғун маданиятини шакллантиради», — дейилади хабарда.

Citymakers International компанияси Москва, Санкт-Петербург каби йирик шаҳарлар ва агломерацияларда, шунингдек, Россия, Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларидаги шаҳарларда шу каби ечимларни жорий этиш тажрибасига эга. Бу «энг яхши халқаро ва минтақавий тажрибаларни Тошкентнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мослаштириш имконини берди».

Дизайн-код нималарни тартибга солади:

  • бинолар архитектураси: материаллар, ранг ечимлари, фактуралар, фасадлар, витриналар ва кириш гуруҳларининг безатилиши;
  • пешлавҳалар ва реклама: ўлчамлар, шрифтлар, ёритиш ва жойлаштириш мумкин бўлган жойлар;
  • ободонлаштириш: тротуарлар, кўчаларни ёритиш, ўриндиқлар, чиқинди қутилари, кўкаламзорлаштириш элементлари;
  • кўча элементлари: тўсиқлар, навигация, жамоат транспорти бекатлари, кичик архитектура шакллари;
  • тарихий муҳит: ёдгорликлар ва тарихий туманларнинг архитектура қиёфасини сақлаб қолиш чоралари.

Визуал тартибга солишдан ташқари, ҳужжат туташ ҳудудлардан оқилона ва тартибли фойдаланиш масалаларига тўхталади, шунингдек, ижтимоий ва шаҳарсолик аҳамияти ҳисобга олинган алоҳида режимдаги туристик кўчалар рўйхатини белгилайди.

«Дизайн-коднинг жорий этилиши тадбиркорлик фаоллигининг қўшимча ўсиши, туташ ҳудудлардан янада оқилона ва қонуний фойдаланиш, бизнес ва аҳоли даромадларининг кўпайиши учун шароит яратади, шунингдек, шаҳар муҳитининг қулайлиги ва хавфсизлигини оширади», — деб қайд этди ҳокимлик.