
Келажакда Тошкентнинг турли туманларида Tashkent City каби бир нечта янги ривожланиш марказлари ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда 2026 йил 5 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Tashkent City ишбилармонлик мажмуаси пойтахтдаги асосий диққатга сазовор марказлардан бирига айланган, бироқ фаолликнинг юқори даражада тўпланиши транспорт муаммоларини келтириб чиқармоқда.
«Масалан, ўзимдан қиёс, кечқурун фарзандимни Tashkent City’га олиб борганимда, кириш учун 30 дақиқа ва чиқиш учун яна 30 дақиқа вақт кетади. Бу яхшими ёки ёмон? Бир томондан, бу жуда яхши, чунки Tashkent City жуда зўр чиқди. Аммо кириш ва чиқиш қийин», — деди Қудбиев.
Унинг таъкидлашича, ечим шаҳарнинг бошқа қисмларида ҳам шунга ўхшаш марказларни ташкил этишда бўлиши мумкин.
«Бундай марказлар шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам пайдо бўлиши керак. Бу рақобат масаласи эмас. Масалан, мен Мирзо Улуғбек туманида яшайман. Мен болаларим билан Мирзо Улуғбек туманидан Tashkent City’га келаман. Агар у ерда ҳам шундай марказ бўлса, мен ўша ерга борган бўлармидим? Агар Миробод туманида ҳам шу каби марказ бўлса, шу туман аҳолиси ундан фойдаланади», — деди.
«Яъни гап рақобат ҳақида эмас, балки шаҳарда бундай марказлардан иккита, учта, тўртта, бешта бўлиши кераклиги ҳақида бормоқда. Шунда йўлларга, транспортга, автомобилларга ва экологияга тушадиган юклама камаяди», — дея қўшимча қилди Қудбиев.
Шу билан бирга, Тошкент бош режасига киритиладиган ўзгаришлар босқичма-босқич амалга оширилади ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга боғлиқ бўлади.
«Тошкент бош режасидаги ўзгаришлар ҳақида. Улар, албатта, давом этади. Аммо улар қайси даврларда юз бериши ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўзи билан белгиланади», — деди Қудбиев.
Бош режага яқинда киритилган ўзгартиришлардан сўнг пойтахтда 2300 гектардан ортиқ майдон очилмоқда, бу тахминан 15 йиллик қурилиш ишларига етиши мумкин.
«Мантиқий савол туғилиши мумкин: 2000 гектардан ортиқ ерни неча йилда қуриб битирмоқчисиз? Биз айтамиз — тахминан 15 йил ичида. Яъни Тошкентда 15 йиллик қурилишга етадиган ерлар очилмоқда», — дея қайд этди.
Мисол тариқасида Қудбиев Шайхонтоҳур туманидаги «Оқлон» ва «Олимхўжаев» маҳаллаларидаги лойиҳани келтирди. У ердаги 233,8 гектар майдонда 9 та кўп қаватли уй ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши режалаштирилган бўлиб, лойиҳа қиймати 50 млн долларга баҳоланмоқда.
Унинг кўрсатишича, бу каби лойиҳаларни амалга ошириш йиллаб вақт талаб этади, чунки мастер-режа ишлаб чиқиш, тадбиркорлар иштироки ва аҳоли розилиги керак бўлади.
«Биринчи навбатда мастер-режа бўлиши керак. Кейин бу мастер-режани одамларга кўрсатиш лозим. Сўнгра лойиҳани амалга оширишга тайёр тадбиркор пайдо бўлиши керак. Шундан сўнг аҳоли розилигини олиш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш зарур. Бу жуда секин кечадиган жараён», — деди урбанизация қўмитаси раҳбари.
Аввалроқ Қудбиев ҳудудни комплекс ривожлантиришга мисол сифатида Tashkent City лойиҳасини келтирган эди. «Комплекс қурилиш шуни назарда тутадики, қаердадир баланд бинолар, қаердадир пастроқ, қаердадир яшил ҳудудлар, қаердадир эса одамлар ишлаб даромад топиши мумкин бўлган иш жойлари бўлади. Мана шундай симбиоз», — деган эди.
Эслатиб ўтамиз, ҳукумат 20256 йил 28 февраль куни 16,2 млрд долларлик 31 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Тошкент шаҳри бош режасига ўзгартиришлар киритди. 2311 гектар майдонда уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари ва саноат зонаси қурилиши кўзда тутилган. Девелоперлар ҳудуднинг камида 30 фоизини яшил зоналар учун ажратиши шарт. 140 гектар майдонда жамоат боғлари қурилади.
Қудбиевнинг қайд этишича, бугунги кунда Тошкентда 893 гектарга яқин жамоат боғлари мавжуд, бироқ норматив бўйича бир кишига 17-19 кв. м тўғри келиши керак бўлган ҳолда, ҳозирда бу кўрсаткич атиги 2 кв. м ни ташкил этмоқда. Муаммони ҳал қилиш учун 140 гектар майдонда 9 та боғ ташкил этиш режалаштирилган.
«Мен айнан жамоат боғларини назарда тутяпман — аттракционли боғларни эмас. Яъни шундай боғларки, у ерга инсон келиб, боласи билан аравачада, турмуш ўртоғи ёки дўстлари билан сайр қилиши, шунчаки ҳаводан нафас олиб, бир сўм тўламасдан чиқиб кетиши мумкин бўлсин», — деди.