Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 06/03/2026

Тошкентда автобус бекатлари янгиланади ва улардаги дўконлар олиб ташланади

Тошкентда жамоат транспорти бекатларини янгилаш ва йўловчилар кутиш жойларида савдо объектларини жойлаштиришдан воз кечиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.

Бекатлар инфратузилмасини тартибга солиш ва янгилаш бўйича 2025 йили бошланган ишлар давом эттирилмоқда. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТМ) ташкил этилгандан сўнг, ушбу вазифа янги марказ мутахассислари томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

Аввалроқ ЙҲТМ мутахассислари пойтахтнинг энг серқатнов 472 км кўчаларини аниқлаб олган эди, устувор чора-тадбирларни амалга ошириш айнан шу ерлардан бошланди. Биринчи босқичда 100 км масофадаги ҳудуд қамраб олинди. Аудит доирасида 360 дан ортиқ бекат хатловдан ўтказилди, 190 та йирик ва кичик чорраҳа текширилди.

Текширув натижалари шуни кўрсатдики, жамоат транспорти йўналишларида бекатлар ҳудудида жойлашган 110 та савдо объекти (тижорат дўконлари) мавжуд. Улардан 61 таси бекат мажмуаси ҳудудига эгалик қилиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилади, дейилади хабарда.

Ҳокимлик шаҳардаги барча бекатларни янгилаш режалаштирилганини маълум қилди. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлган тадбиркорлар учун компенсация механизми — савдо нуқталарини жойлаштириш учун бошқа ҳудудларни тақдим этиш кўзда тутилган (агар улар ҳужжатлар асосида қонуний ишлаётган бўлса).

«Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, жамоат транспорти бекатларининг замонавий концепциялари бекат ҳудуди чегарасида савдо жойлари бўлмаслигини, йўловчиларнинг транспортни эркин ва хавфсиз кутишини, платформалар кенглиги етарли бўлишини ҳамда инклюзив муҳит яратилишини кўзда тутади», — деб қайд этди ҳокимлик.

Пойтахт маъмурияти маълумотларига кўра, ишлар пойтахтдаги йўл ҳолати ва транспорт инфратузилмасини яхшилашга қаратилган «90 зарбдор кун» дастури доирасида олиб борилмоқда.

2025 йил июнь ойида Рақобатни ривожлантириш қўмитаси Ўзбекистон бўйича 2800 та автобус бекатини танланма равишда текшириб, уларнинг кўпчилигида қоидабузарликлар — павильонлар, ёритиш тизими, кўрсаткичлар, пандуслар йўқлиги ва бошқаларни аниқлаган эди. Идора Транспорт вазирлиги ва ҳокимликларга камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар юборган.

2025 йилнинг июль ойида Тошкентда жами сони 2500 га яқин бўлган автобус бекатларини янгилаш бошланган эди. Бекатларнинг янги ягона дизайни 2024 йил кузида тақдим этилган. Металл каркас ва чидамли шишадан ишланган бекатларнинг узунлиги 3,2 ва 6,5 метрни ташкил этади. Улар ёғоч ўриндиқлар, маълумот таблоси, кузатув камераси, 112 шошилинч чақирув тугмаси ва қувватлантириш қурилмалари билан жиҳозланган.