
Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудда жойлашган барча иссиқхона объектлари яқин вақт ичида табиий газ билан иситишга ўтказилиши керак.
Бу Ўзбекистон президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги пойтахтдаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Энергетика вазирлигига бир ҳафта ичида иссиқхона хўжаликлари билан газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш ва унинг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш топширилди.
Майдони 200 кв. м. дан ортиқ бўлган иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналарининг носозлиги ёки мавжуд эмаслиги билан боғлиқ экологик талабларни бузганлик учун юридик шахсларга жарималар 5 баробар, жисмоний шахсларга эса 3 баробар оширилади.
Бундай иссиқхоналарда ёқилғи, материаллар ва чиқиндиларни (шиналар, битум, мазут, ишлатилган автомобиль мойи, плёнка, резина, жун ва бошқалар) ёқиш ҳолатларида, иссиқхонани давлат фойдасига мусодара қилиш билан бирга жиноий жавобгарлик жорий этилади.
Ўтган ҳафта Экология қўмитаси пойтахт ва унинг атрофида жойлашган иссиқхоналар харитасини эълон қилган эди (юқорида).
2024 йили собиқ Экология вазирлиги Тошкент атрофида «яшил» ҳалқа ўрнига, аслида кўмирда ишлайдиган ва ҳавони ифлослантирадиган иссиқхоналардан иборат «кулранг» ҳалқа пайдо бўлганини хабар қилган эди. Ўшанда иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмирни асосий иситиш манбаи сифатида ишлатаётгани маълум қилинганди.
2023 йилда газни тежаш мақсадида ҳукумат иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналарнинг бир қисмини кўмир ёқилғисига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.