
Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш терминали олдидаги биринчи кириш йўлагидан йўловчиларни олиб кетишга эндиликда бир нечта такси хизматлари ва агрегаторларга рухсат берилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди.
Биринчи йўлакда, бевосита аэропорт биноси чиқиш жойида тўхташ имконияти Taxi Millennium, Let’s Trip, Uzviptranservice, Sixt ва Taxi Airport Tashkent расмий ташувчилари, шунингдек, Yandex Go сервиси йўловчилари учун очилди.
Uzbekistan Airports қайд этишича, расмий хизматлар таксиларига учиб келиш залида иш бошлаган ягона диспетчерлик хизмати орқали буюртма бериш мумкин. Yandex Go сервиси таксиларига эса мобил илова орқали буюртма берилади.
Аэропортлар маъмурияти маълумотларига кўра, аэропортда фаолият юритаётган расмий ташувчилар агрегаторлар тарифлари билан рақобатлаша оладиган махсус бюджет тарифларини жорий қилган. Масалан, шаҳар бўйлаб тарифлар 50 минг сўмдан бошланади. Йўловчилар учун турли тоифадаги пакетли таклифлар, жумладан, гуруҳли ва оилавий трансферлар мавжуд.
«Биринчи йўлак ҳудудида буюртма қабул қилган ҳайдовчилар ажратилган йўлакка бепул киришлари ва йўловчиларни 20 дақиқагача кутишлари мумкин. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида аэропорт ҳудудида таксига чиқиш ҳудуди кўрсатилган навигация белгилари ўрнатилган», — дейилади хабарда.
Учиб келиш ҳудудида бошқа барча автомобиллар — кутиб олувчиларнинг шахсий ва хизмат машиналари ҳамда бошқа хизматлар ва агрегаторлар таксилари учун мўлжалланган қўшимча кириш йўлаги ишламоқда. Иккинчи йўлакда, учиб кетиш терминалида бўлгани каби, ИИВ видеокузатув тизими орқали автоматик назорат қилинадиган 10 дақиқагача тўхташ чеклови амал қилади.

