
Ўзбекистонда хорижий олий таълим муассасаларининг топ-300 рўйхатига кирган ОТМларга ўқишга кирган ёшларга имтиёзли таълим кредитлари берилади. Бу ҳақда 2025 йил 30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, «Таълим — келажакка инвестиция» ғояси бугун жамиятда катта ҳаракатга айланмоқда.
Давлат раҳбари яқинда «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолияти такомиллаштирилганини, у эндиликда жаҳон рейтингида топ-300га кирувчи олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабаларнинг ўқиш ва яшаш харажатларини янги қоидалар бўйича қоплашини маълум қилди.
Хусусан, устувор йўналишлар — STEM (фан, технологиялар, муҳандислик ва математика), энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги учун квоталар бир неча баробар оширилади.
Бундан ташқари, эндиликда банклар бундай университетларга ўқишга кирган ёшларга 20 минг долларгача миқдорда имтиёзли таълим кредитлари беришни бошлайди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги «Гарвардчилар мактаби» Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида иш бошлаганини маълум қилди. Бу йил 8-синф битирувчилари орасидан 60 нафар ўқувчи танлаб олиниб, улар 3 йўналишда таълим олади. Келажакда жойлар сонини сезиларли даражада ошириш режалаштирилган.
Умуман олганда, миллий дастур бўйича ҳар йили энг қобилиятли 3000 нафар ўқувчи танлаб олинади ва уларни Гарвард, Йель, Колумбия, Корнелл каби дунёнинг нуфузли университетларига киришга тайёрлаш бошланади. Улардан камида 300 нафари кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлади.
Президент 2025 йил февраль ойида ёшлар билан учрашувда ёшлар учун 40 дан ортиқ янги ташаббус эълон қилингани ва қарийб 500 миллион доллар ажратилганини эслатди.
Жорий йилда 35 миллиард долларлик 8300 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бу 292 минг иш ўрни яратиш имконини беради. Шунингдек, 83 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган бўлиб, улар яна 500 минг иш ўрни яратади.
Масалан, энергетика соҳасида 20 миллиард долларлик, нефть-газ ва кимё саноатида — 11 миллиард, тоғ-кон саноатида — 7 миллиард, электротехника ва автомобилсозликда — 4,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Бу йўналишлар минглаб янги корхоналарни ишга туширишни назарда тутади, деди давлат раҳбари.
Бу лойиҳалар амалга оширилиши билан «яшил» иқтисодиёт ва энергетика, рақамли геология, технологик минераллар, биоинженерия соҳаларида минглаб мутахассисларга бўлган талаб ортади.
«Янги технологиялар асрида ким ғолиб бўлади? Фақатгина креатив фикрлай оладиган, замонавий билим ва касбларга эга мутахассислар. Сизнинг шижоатингиз ва энергиянингизни кўриб турибман — ва аминманки, бу корхоналарни айнан сиз, ёшлар бошқарасиз, катта кашфиётлар қиласиз, инновацияларни жорий этасиз! Шунинг учун биз ҳозирдан шундай лойиҳалар учун кадрлар тайёрлашни бошлаяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.