Президент: Ўзбекистонда жаҳоннинг топ-100 рўйхатидаги хорижий олийгоҳлар филиаллари очилади

Олий таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади — Ўзбекистонни таълим ва фан бўйича минтақавий марказга айлантиришдир. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатимизнинг 4 та олийгоҳи дунёдаги топ-1000 университетлар қаторига киради. Яқин йилларда уларнинг сонини 10 тага етказиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари устувор йўналишлар — ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнологиялар, тиббиёт ва «яшил» энергетика бўйича хорижий топ-500 университетлари билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишни эълон қилди.

Бундан ташқари, мамлакатда жаҳон рейтингининг топ-100 талигига кирувчи университетларнинг филиалларини очиш режалаштирилмоқда.

Ушбу мақсадларни илгари суриш учун келгуси йили Ўзбекистонда Марказий Осиё Халқаро таълим форуми бўлиб ўтади. Унда 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, 500 нафар етакчи университетлар ректорлари ва 1000 дан ортиқ халқаро экспертлар иштирок этади.

Шунингдек, хорижий талабалар сонини беш баравар ошириш ва таълим хизматлари экспорти ҳажмини 200 млн долларга етказиш режалаштирилган.

2025 йилги QS World University Rankings 2026 топ-1000 рейтингига Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети кирган; яна 4 та олийгоҳ мингталикдан паст ўринларни эгаллаган.

«Битирувчилар ютуқлари» индикатори бўйича юқорида қайд этилган ўқув юртлари, шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети топ-700 талигида тақдим этилган.

2025 йили Американинг Лочин Лигаси (The Ivy League) университетларига ўқишга кириш учун ёшларни тайёрлаш бўйича Миллий дастур иштирокчиларини танлашни бошлаш режалаштирилган эди.