
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги автомобил ойналарини қисқа муддатга (мавсумий) тонировка қилишга рухсат беришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳага кўра, ҳар йили 1 майдан 31 августга қадар енгил автомобилларнинг (M1 тоифаси) орқа ва олд ён ойналарини тонировка қилиш учун мавсумий рухсатнома бериш таклиф этилмоқда. Бунда:
- жисмоний ва юридик шахслар учун нархи 1 базавий ҳисоблаш миқдори (412 минг сўм) этиб белгиланади;
- Ўзбекистонда фаолият юритувчи хорижий давлатлар юридик шахслари учун – 5 БҲМ (2,06 млн сўм).
Бунда, қисқа муддатли рухсатнома учун тўлов у расмийлаштирилган санадан қатъи назар, тўлиқ ҳажмда ундирилади.
Янги тартибни 2025 йил 10 июндаги Бош вазир топшириғига асосан жойларда ўтказилган ижтимоий сўровлар натижалари доирасида жорий этиш режалаштирилган.
Лойиҳага билдирилган фикрларда, матндан орқа ойнани қорайтиришни чиқариб ташлаш таклиф қилинмоқда, чунки бу тартиб 2022 йил 1 июлдан бепул бўлган. Бошқа бир фойдаланувчи қисқа муддатли тонировка муддатини 1 апрелдан 30 октябргача этиб белгилашни таклиф қилган. Яна бир муаллиф Ўзбекистон иқлимини ҳисобга олиб, тонировка бепул бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, 1 йил муддатга узоқ муддатли рухсатнома олиш имконияти сақланиб қолади:
- резидентлар учун – 8 БҲМ (3,29 млн сўм);
- хорижий юридик шахслар учун – 14 БҲМ (5,76 млн сўм).
Аввалроқ Стратегик ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарималар миқдорларини ҳуқуқбузарликларга мутаносиблиги бўйича қайта кўриб чиқишни таклиф қилган эди. Масалан: рухсатсиз тонировка учун жарима – 8,5 млн сўм, пиёдалар ўтиш жойидан ўтиш қоидаларини бузганлик учун жарима эса – 170 минг сўм.