Токиода бир қатор ўғирликларда гумонланиб беш нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди (видео)

Токио полицияси Сибуя туманида босқинчилик ва ҳужум қилишда гумонланиб 20 ёшдан катта бўлган беш нафар ўзбекистонлик эркакни ҳибсга олди, бу ҳақда NTV телеканалига таяниб Japan Today хабар берди.

Гумонланувчилар 2024 йилнинг 30 декабрь куни эрталаб соат 5:30 ларда уч нафар хорижлик — эркак ва аёллар билан муштлашув келтириб чиқариш, сўнгра уларнинг жами 210 минг иена (тахминан 1500 АҚШ доллари) миқдоридаги ҳамён ва сумкаларини ўғирлаш мақсадида жиноий тил бириктирганликда айбланмоқда. Хабар қилинишича, улар эркаклардан бирини юзига тепиб тан жароҳати етказган.

Полициянинг хабар беришича, гуруҳ, уларнинг тўрт нафари Японияда ноқонуний равишда бўлиб турган, шунингдек, маст фуқаролардан ўғирланган кредит карталари ёрдамида сотиб олинган смартфонларни қайта сотиш орқали 8 миллион иена (5000 доллар) ишлаб олганликда гумон қилинмоқда.

Ушбу жиноятлар 2024 йилнинг август ойидан 2025 йилнинг февраль ойига қадар Сибуя ва Синдзюкунинг гавжум туманларида камида 10 марта содир этилган. Полиция қўлга олинган шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини текширмоқда.

Қайд этилишича, гуруҳ етакчиси 21 ёшли аралаш яккакураш жангчиси бўлиши мумкин. Япония ОАВларининг хабар беришича, у адвокати билан учрашмагунча кўрсатма беришдан бош тортган. Қолган тўрт нафари айбловларни рад этмоқда.