
Starlink Тожикистонда сунъий йўлдош интернети хизматларини расман ишга туширди.
«Starlink юқори тезликдаги интернети… энди Тожикистонда мавжуд!» — дейилади компаниянинг X тармоғидаги баёнотида.
Тожикистон Алоқа хизмати 2025 йил октябрь ойида бўлиб ўтган Dushanbe Invest халқаро инвестиция форуми доирасида компаниянинг мамлакатда ишлаши бўйича Starlink билан лицензия шартномасини имзолаган эди, деб ёзади ASIA-Plus.
«Тожиктелеком» бош директори Бахтовар Абдусатторзода нашрга берган интервьюсида таъкидлашича, шартнома биринчи навбатда тоғли рельеф ва аҳоли зичлиги пастлиги сабабли анъанавий инфратузилма (оптик толали магистраллар, кабеллар) ётқизиш қийин бўлган мамлакатнинг бориш қийин бўлган тоғли ва чегарадош ҳудудлари аҳолисини сунъий йўлдош интернетига улашни назарда тутади. Унинг сўзларига кўра, гап давлат ва ижтимоий муассасалар — мактаблар, шифохоналар, қишлоқ маъмуриятлари ҳақида кетмоқда.
«Кўпгина мамлакатларда Starlink каби ташқи глобал операторлар миллий ҳамкор орқали ишлайди — бизнинг ҳолатда бу «Тожиктелеком» ОАЖ. Бундай модель давлатга трафикни назорат қилиш, киберхавфсизликни таъминлаш, тарифларни ва миллий қонунчиликка риоя этилишини тартибга солиш имконини беради», — деди Абдусатторзода.
Унинг аниқлик киритишича, Starlink ишга туширилиши мамлакатдаги интернетнинг умумий нархига таъсир қилмайди, компания ускуналарининг нархи ва тарифлари эса «бозор ва минтақавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда» шакллантирилади.
2025 йил 13 августдан бошлаб Starlink расман Қозоғистонда ҳам ишлай бошлаган эди.