
Тожикистон ҳукумати 30 июнь кунги қарори билан Роғун гидроэлектр станциясидан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича келишув лойиҳасини маъқуллади.
«Ўзэнергосотиш» корхонаси (Ўзбекистонда электр энергиясини марказлаштирилган харид қилиш ва сотиш функциясини бажаради) ГЭСдан электр энергиясини 1 кВт/соат учун 3,4 цент (ҚҚС ноль ставкаси ҳисобга олинган ҳолда тахминан 434,2 сўм) нархида сотиб олади. Бу нарх режали етказиб беришнинг иккинчи йилидан бошлаб ҳар йили 1% га индексация қилинади.
Етказиб бериш Тожикистоннинг «Барқи Тожик» давлат компаниясидан электр энергияси импортига параллел равишда амалга оширилади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йилдан бошлаб ушбу компания билан ҳамкорликни қайта тиклаган.
Тожикистон электр энергиясини томонлар келишилган жадвал бўйича, асосан Ўзбекистоннинг Ягона электр энергия тизимида режали қувват танқислиги соатларида етказиб беради.
Роғун ГЭС қурилиши даврида электр энергияси етказиб бериш вегетация даврида (1 апрелдан 30 сентябргача), станция тўлиқ лойиҳавий қувватга эришгандан сўнг эса — йил давомида ҳар ой амалга оширилади.
Келишув 20 йил муддатга тузилади ва уни узайтириш имконияти мавжуд.
Тожикистон Роғун ГЭС тўғонини қуришни 2016 йилда бошлаган. ГЭСнинг биринчи агрегати 2018 йил ноябрда, иккинчиси эса 2019 йил сентябрда ишга туширилган.
Ўзбекистон 2022 йилдаёқ Роғун ГЭСдан ёзги даврда электр энергияси сотиб олиш ниятини билдирган эди. 2024 йилда Қозоғистоннинг Роғун ГЭС электр энергиясини Ўзбекистон инфратузилмаси орқали импорт қилиш режалари маълум бўлди.