
Тожикистондаги энергия таъминоти билан боғлиқ вазиятни Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш ҳисобига маълум даражада барқарорлаштиришга эришилди. Бу ҳақда Asia-Plus нашрига Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги маълум қилди.
Идора маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Тожикистон Ўзбекистондан кунига 2 млн кВт⋅соатгача электр энергияси олмоқда. Ўзбекистон энергия тизимининг экспорт имкониятлари кенгайишига қараб етказиб бериш ҳажми оширилиши мумкин.
Тожикистон Энергетика вазирлиги шунингдек, энергетика вазирлари даражасида Қозоғистон ва Туркманистондан электр энергияси етказиб бериш имкониятлари бўйича дастлабки келишувларга эришилганини билдирди. Ҳозирда томонлар бундай етказиб беришни ташкил этиш билан боғлиқ техник масалаларни ишлаб чиқмоқдалар.
Шу билан бирга, Тожикистон ташқи энергия бозорларига фақат Ўзбекистон энергия тизими — 500 кВ кучланишли «Регар-Гузар» электр узатиш тармоғи орқали чиқиш имкониятига эга эканлиги таъкидланмоқда. Қозоғистон ва Туркманистон электр энергияси транзити учун Ўзбекистон энергия тизимининг ўтказувчанлик қувватини ҳисобга олган ҳолда параметрларни келишиб олиш талаб этилади.
Вазирликда қайд этилишича, бу чекловлар Тожикистон энергия тизимининг Марказий Осиё Бирлашган энергия тизими (БЭТ) доирасидаги параллел иши қайта тикланганидан кейин олиб ташланиши мумкин. Тожикистоннинг минтақавий «энергоҳалқа»га тўлиқ қўшилиши 2026 йилнинг биринчи чорагида — мамлакатнинг шимолий тармоқлари уланганидан кейин кутилмоқда.
2025 йил сентябрь ойи охиридан бошлаб Тожикистонда электр энергияси узатишга чекловлар амал қилмоқда, ноябрь ойи охирида эса қўшимча чоралар жорий этилди. Амалдаги қоидаларга кўра, истеъмолчиларнинг катта қисми (Душанбедан ташқари) электр энергиясини чекланган ҳажмда олмоқда.
Бюджет ташкилотларини электр билан таъминлаш соат 18:00 дан кейинги иш куни бошлангунига қадар тўхтатилади. Стратегик муҳим объектларга тегишли бўлмаган кўча чироқлари ўчирилиши шарт.
Электромобиллар учун барча қувватлантириш станциялари соат 18:00 дан 22:00 гача тармоқдан узилади.
«Электр узатиш тақсимлаш тармоқлари» ОАЖ вакиллари ўтган ҳафтада мамлакат аҳолиси (Душанбедан ташқари) ҳозирда чироқни эрталаб соат 5:30 дан 8:00 гача ва кечқурун 17:30 дан 21:00 гача олаётганини маълум қилди.
Бироқ Тожикистон ҳудудлари аҳолиси электр энергиясини фақат эрталаб ва кечқурун икки соатдан олаётганликларини таъкидламоқдалар. Сўнгги кунларда Душанбенинг турли туманлари яшовчилари ҳам вақти-вақти билан бир неча соат давомида чироқсиз қолмоқдалар.
Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2025 йил 11 декабрь куни янги энергетика қувватларининг ишга туширилиши мамлакатга 2025 йилда электр энергиясининг соф экспортига ўтиш имконини берганини маълум қилди. Вазирнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистонга етказиб бериш сув камлиги туфайли юзага келган хавфларни камайтиришга хизмат қилди. Жами қўшниларга 2,6 млрд кВт⋅соат электр энергияси юбориш режалаштирилган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистон 129,7 млн долларлик электр энергияси экспорт қилган, бу ўтган йилнинг 10 ойидаги кўрсаткичдан 58,7 фоизга кўп. Импорт ҳажми эса 13,7 фоизга камайиб, 88,6 млн долларни ташкил этди.