Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 17/01/2026

«ТИВ ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил этиш зарур» — Президент

Ўзбекистонда Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда 2026 йил 15 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари ўз нутқи аввалида учрашув кескин геосиёсий ўзгаришлар ҳамда давлатлар суверенитетига таҳдидлар кучайган шароитда ўтаётганини қайд этди.

«Бундай шароитда ҳаётнинг ўзи ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни танқидий муҳокама қилишни ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил этишни талаб қилмоқда», — деди.

Президент 2025 йил ташқи сиёсатда умуман олганда натижали бўлганини таъкидлади. Хусусан, йил давомида 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Ўзбекистонга илк бор Болгария, Финляндия, Словакия, Сербия, Иордания ва Парагвай раҳбарлари ташриф буюрди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, «Марказий Осиё плюс» форматидаги кўп томонлама мулоқотлар самарали кечди. Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди ва уларнинг умумий сони 19 тага етди. Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.

«Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон аста-секин тинчлик ва дипломатиянинг глобал марказларидан бирига айланиб бормоқда», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

2017 йилдан буён хорижда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилди. Ҳозирги вақтда уларнинг умумий сони 60 тага етди, дипломатик муносабатлар эса 165 та давлат билан ўрнатилди.

Давлат раҳбари хорижий ваколатхоналарнинг штат бирликлари ва элчихоналар, консуллик муассасалари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи миқдори ошганини қайд этди. Шу билан бирга, президент уларнинг иши самарадорлиги масаласини ўртага ташлади.

«Бироқ, ҳамма дипломатик ваколатхоналаримиз ҳам буни тўғри тушуниб, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланяптими? Дипломатик фаолиятнинг баҳолаш учун фақат битта мезони бор — натижа!», — деди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда элчи — бу шунчаки сиёсий мулоқот олиб борувчи шахс эмас.

«Элчи — бу инвестиция ва технологияларни жалб қиладиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика коридорларини ишга туширадиган, туристлар оқимини кўпайтирадиган, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган ва энг муҳими, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакили», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бундан буён элчилар учун асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) белгиланади. Бу кўрсаткичларга бўлиб турган давлатдан экспорт тушумлари, туристлар оқимининг ўсиши ва Ўзбекистон фуқароларини қонуний иш ўринларига йўналтириш киради.

Шунингдек, Президент иқтисодий дипломатияни кучайтириш ҳисобига экспорт ва инвестицияларни ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтиб, иқтисодий хавфсизлик давлат хавфсизлигининг асоси эканини қайд этди.

Икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда жами 160 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича келишувлар имзоланди. Тарихда илк бор ташқи савдо айланмаси ҳажми 80 млрд доллардан ошди, экспорт 33,5 млрд долларга етди, хорижий инвестициялар ҳажми эса 43 млрд доллардан ошди, дейилади хабарда.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 млрд долларга ошган.