
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондаги нотинч вазият муносабати билан мамлакат фуқароларига мурожаат билан чиқди.
Эрондаги элчихона маълумотларига кўра, намойишлар давомида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган. ТИВ Эронда бўлиб турган ўзбекистонликларни одамлар гавжум бўлган жойлардан узоқроқ бўлишга, шунингдек, шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишга чақирди.
Зарурат туғилганда Теҳрондаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали боғланиш тавсия этилади: +982122299780; +982122832025.
Эслатиб ўтамиз, Эрондаги оммавий норозиликлар 2025 йил 28 декабрь куни Теҳрондаги дўкон эгаларининг иш ташлаши билан бошланган эди. Иштирокчилар Эрон риалининг АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланиши ва инфляция тезлашишидан норозилик билдиришган. Тез орада намойишлар мамлакатнинг барча вилоятларига тарқалди.
Американинг Human Rights Activist News Agency (HRANA) инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 2026 йил 12 январь ҳолатига кўра 646 киши ҳалок бўлган, жумладан 505 намойишчи (9 нафари бола), 133 ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда намойишларда қатнашмаган бир неча аҳоли вакиллари бор. 10 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган. Сўнгги кунларда мамлакатда интернет деярли ўчириб қўйилган, шу сабабли қурбонларнинг аниқ сони номаълумлигича қолмоқда.
Эронда бу каби кенг кўламли норозилик намойишлари 2022 йилда — Маҳса Аминининг ўлимидан кейин ҳам бўлиб ўтган ва бу бутун мамлакат бўйлаб оммавий акциялар ҳамда тартибсизликларга олиб келган эди.

