Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 22/02/2026

Шавкат Мирзиёев: «Тинчлик ва осойишталик муҳити — бебаҳо бойлик»

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини муқаддас Рамазон ойи кириб келиши билан табриклаб, бу ой «эзгулик, раҳм-шафқат ва руҳий саховат ифодаси» эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари «инсонпарварлик тамойилларига асосланган тинчлик ва осойишталик муҳити, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни» бебаҳо бойлик деб атади.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда «кейинги йилларда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва шу асосда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда».

«Ана шундай эзгу интилишлар мамлакатимизда эълон қилинган Маҳалла ва бутун жамиятни ривожлантириш йилининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради», — деди президент.

«Маҳалла — жамиятимизнинг асоси. Шу боис маҳалла ривожланса, бутун жамият ривожланади. Жамиятимизнинг ютуқлари ва фаровонлиги маҳаллаларнинг равнақи ва гуллаб-яшнаши билан узвий боғлиқ», — дея таъкидлади.

Президент Рамазон кунларида «аждодлар хотирасини ёд этиш, уларнинг эзгу ва олижаноб анъаналари ҳамда ишларини давом эттириш»ни «энг муҳим бурч ва шараф» деб атади.

Ушбу ойда Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси очилиши кутилмоқда. У ерларда улуғ мутафаккирлар хотирасига бағишланган тадбирлар ҳам ўтказилади.

«Афсуски, ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида уруш ва можаролар давом этмоқда. Пок ният ва эзгу интилишлар ижобат бўладиган ушбу мунаввар ойда биз барча низо ва зиддиятлар тўхташини, тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик қарор топишини чин дилдан тилаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Якунда у хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларни ва бутун мусулмон умматини табриклади.