Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 20/01/2026

Ўзбекистон АҚШ таклифига биноан Тинчлик кенгаши асосчиларидан бирига айланади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга АҚШ президенти Дональд Трампдан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва низоларни ҳал этиш бўйича халқаро ташаббусга қўшилиш тўғрисида расмий таклифнома келди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Ташаббус 2025 йил 29 сентябрда эълон қилинган Ғазодаги можарони тугатиш бўйича комплекс режага, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2025 йил 17 ноябрдаги 2803-сонли резолюциясига асосланган.

«Ташаббуснинг асосий элементи — Тинчлик кенгашини ташкил этиш. Бу янги халқаро тузилма бўлиб, узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни шакллантириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган давлатларни бирлаштиришга қаратилган», — дейилади мурожаатда.

Ўзбекистонга Тинчлик кенгашига асосчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилган. Президент Шавкат Мирзиёев америкалик ҳамкасбига жавоб хати йўллаб, Ўзбекистон бунга тайёр эканини билдирган.

Ўзбекистон президенти ўз мактубида ушбу ташаббус Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни ҳал қилиш, кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим қадам сифатида қаралаётганини таъкидлаган.

Дастлаб Тинчлик кенгаши 2025 йил октябрь ойида Дональд Трамп воситачилигида келишилган тинчлик режаси доирасида Ғазо секторини бошқариш бўйича халқаро орган сифатида режалаштирилган эди. Бироқ, Америка ОАВларининг хабар беришича, Кенгаш кенгроқ вазифаларни олган.

Уставда Кенгаш «можаролардан жабр кўрган ёки низо хавфи остида бўлган минтақаларда барқарорлик, ишончли ва қонуний бошқарувни тиклаш ҳамда мустаҳкам тинчликка кўмаклашишга интилувчи халқаро ташкилот» сифатида таърифланган. Унга АҚШ президенти раислик қилади.

Тинчлик кенгашига аъзо бўлиш учун 60 дан ортиқ давлат, жумладан, Канада, Франция, Германия, Италия, Венгрия, Австралия, Россия ва Яқин Шарқ мамлакатлари таклиф олган.

Марказий Осиёда бундай таклиф Қозоғистонга ҳам берилгани маълум. Tengrinews.kz хабарига кўра, мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев аллақачон розилик жавобини берган.

Time ва бошқа нашрларнинг маълумотларига кўра, устав лойиҳаси кенгашда доимий аъзолик камида 1 млрд доллар туришини назарда тутади.

«Ҳар бир аъзо давлат ўз лавозимини уч йилдан кўп бўлмаган муддатга эгаллайди […] раис томонидан муддат узайтирилиши имконияти билан. Уч йиллик аъзолик муддати Тинчлик кенгашига 1 млрд доллардан ортиқ нақд пул маблағи киритган аъзо давлатларга тааллуқли эмас», — дейилади ҳужжат лойиҳасида.