
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи ва ҳозирда бош мураббийнинг собиқ ёрдамчиси Тимур Кападзе ЎзАга берган интервьюсида миллий жамоадан кетиш сабаблари ҳақида гапирди ва келажакдаги режалари билан ўртоқлашди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, штабни тарк этиш қарори унга осон бўлмаган: «Кўп ўйладим. Албатта, олдинда жаҳон чемпионати турибди. Жаҳон чемпионатига чиқиш ва унда иштирок этиш, шубҳасиз, ҳар биримизнинг истагимиз эди. Лекин мен ҳаммасини ўйлаб кўрдим, тортиб кўрдим, чунки барибир янги мураббий келди. Унинг штабида қолиш мумкин эди, лекин барибир бу маълум бир ноқулайликни келтириб чиқарарди».
«Ахир, мен ҳам бу жамоанинг мураббийи бўлганман, бу вазифаларни бажарганман. Ва қандайдир даражада бу ноқулайликлар туғдириши мумкин эди – унга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслик учун мен бошқача йўл тутишга қарор қилдим. Бу ҳам менинг қароримда ўз ролини ўйнади», – деди миллий жамоанинг собиқ устози.
Кападзе мустақил мутахассис сифатида фаолиятини давом эттирмоқчи эканлигини таъкидлади:
«Умуман олганда, мен ўзим бош мураббийман ва мустақил ишлашни хоҳлайман, чунки менинг ўз қарашларим, ўз ғояларим, ўз нуқтаи назарим бор. Шунинг учун мен бирон бир жамоани бошқаришим ва у билан биргаликда янги мақсадларга эришишим мумкин бўлган йўлни танладим. Менимча, бу ерда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак».
У миллий терма жамоага содиқ қолишини ва янги мураббий бошчилигида муваффақиятлар тилашини урғулади:
«Терма жамоа ҳар доим қалбимизда қолади, у ҳар доим ҳамма нарсадан устун туради ва биз унга ҳар доим омад тилаймиз. Янги мураббий – ёмон мутахассис эмас, менимча, ҳаммаси яхши бўлиши керак. Биз эса ўз йўлимизни давом эттирамиз».
Кападзе мураббий ёрдамчиси сифатида ўз вазифасини бажарди ва Фабио Каннаварога жамоага тезда мослашишга ёрдам берди, деб ҳисоблайди. «Мен қандай ўйинчилар борлигини ва шароитларни ҳаммасини айтиб, тушунтирдим. Ўйлайманки, у тезда мослашиб олди. Энди мен ўз йўлимни давом эттираман, мен ҳали ёшман – олдинда ҳали кўп янги босқичлар бор», – деди.
Хориждан бўлиши мумкин бўлган таклифлар ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, Кападзе Қозоғистон билан алоқалар ҳақидаги миш-мишларни рад этди, лекин унинг номзодига бошқа мамлакатлар қизиқиш билдираётганини тасдиқлади:
«Ҳозир Қозоғистон терма жамоасидан ҳеч қандай таклиф йўқ. Бу маълумот қаердан пайдо бўлганини билмайман. Эҳтимол, қандайдир муҳокамалар бўлгандир. Индонезияга келсак – бу жараён у ерда кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Туркия ва Хитой билан ҳам иш олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси амалга ошадими ёки йўқми – вақт кўрсатади. Ҳозирча аниқ бир нарса дейиш қийин. Агар насиб қилса – бориб ишлаймиз. Ёки, балки, ўз юртимда қолиб, шу ерда ишлашни давом эттирарман. Шунинг учун ҳозирча олдиндан аниқ бир нарсани тасдиқлаш қийин, чунки жараён кетмоқда».
Футбол таҳлилчиси Эффенди Ғазали билан суҳбатда у Патрик Клюйверт билан хайрлашганидан сўнг бош мураббийисиз қолган Индонезия терма жамоасини бошқариш имконияти ҳақида фикр билдирди.
Кападзе Индонезия футбол федерациясидан расмий таклифни қабул қилишга тайёрлигини тан олди, айниқса ҳозирда ҳеч бир клуб билан шартнома билан боғлиқ эмаслигини ҳисобга олса.
«Мен Индонезия терма жамоасига мураббийлик қилишга тайёрман, иншааллоҳ. Ҳозир бўшман, шунинг учун таклифни кутаман», – деди.
Тимур Кападзе миллий терма жамоа бош мураббийи бўлиб 2025 йил январь ойидан бери ишлади (Сречко Катанец ўрнига тайинланган эди). Унинг бошчилигида терма жамоа жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичида Қирғизистонни (1:0) мағлуб этди, Эрон (2:2) ва БАА (0:0) билан дуранг ўйнади ва Қатарни (3:0) ютиб, тарихда биринчи марта ЖЧга чиқди.

