
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хорижий тил ўқитувчилари учун B2 даражасидан паст бўлмаган миллий ёки халқаро сертификатни олиш муддатини 2025 йил 31 декабргача узайтирди. Бу ҳақда вазир Эъзозхон Каримованинг 2025 йил 15 сентябрдаги буйруғида айтилган.
Ҳужжатда барча хорижий тил ўқитувчилари B2 даражасидан паст бўлмаган сертификатга эга бўлишлари кераклиги кўрсатилган, бироқ истисно тариқасида сертификатсиз педагоглар 2025 йил охиригача (жорий ўқув йилининг биринчи ва иккинчи чораги давомида) ишлашни давом эттиришлари мумкин.
Амалдаги сертификатларнинг яроқлилик муддати улар аввалроқ тугаган тақдирда ҳам ўқув йили охиригача узайтирилади.
Муддатсиз сертификатлар фақат берилган санадан бошлаб 3 йил давомида амал қилади.
Бўш иш ўринларини тўлдириш учун хорижий тил ўқитувчиси мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган, тегишли сертификатларга эга бўлган олий таълим муассасаларининг 3-4 курс талабаларидан кадрлар захираси шакллантирилади.
2025 йил 1 декабргача жойлардаги таълим бошқармалари малакали мутахассислар билан биргаликда сертификатга эга бўлмаган ўқитувчилар учун қўшимча машғулотлар ташкил этиши керак. Шунингдек, уларга бундай педагогларнинг тест синовларида тўлиқ иштирокини таъминлаш топширилди.
B2 даражасидан паст бўлмаган сертификатга эга бўлмаган ўқитувчилар билан меҳнат шартномаларини 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб тугатиш режалаштирилган эди. Бироқ, бу талаб бир йилга кечиктирилган эди. Шу билан бирга, янги ўқитувчилар ишга қабул қилинаётганда сертификатга эга бўлишлари шарт эди.
2024 йилнинг июль ойида Вазирлик бошқарма бошлиғи Эркин Муродов бундай талабни жорий этиш сабаби — сифатли таълимга интилиш эканини маълум қилган эди.
«Хорижий тилдан дарс бераётган ўқитувчи олий маълумотни тугатгандан сўнг бакалавр даражасини олиш учун белгиланган даражадан — B2 дан паст бўлмаган даражада хорижий тилни билиши керак. Бу хорижий тилларни ўқитишда сифатга эришиш учун қўйилган талаблар ва мақсадлардан биридир», — деган эди ўшанда.
2021 йилда 53 минг хорижий тил ўқитувчисидан атиги 4% и миллий ва халқаро тил сертификатига эга бўлган. Ўшанда мактаблардаги 11 минг хорижий тил ўқитувчисидан 49% тестдан ўта олмаган. «Дарё» маълумотларига кўра, 2024 йилда мактабларда B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган 29 минг хорижий тил ўқитувчиси мавжуд. Тил сертификатларига эга бўлган ўқувчиларнинг умумий сони тахминан 37 мингни ташкил этган.