
Тиббиёт муассасаларида раҳбар ва бош шифокор лавозимлари бир-биридан ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, муассасаларга тегишли маълумотга эга ва тадбиркорликда муваффақиятли тажрибага эга бўлган менежерлар раҳбар этиб тайинланади.
2026 йилдан бошлаб 26 та марказ директори, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, оилавий поликлиника мудирларини тайинлашнинг аниқ мезонлари белгиланган янги тартиби жорий этилади.
Туман ва вилоят даражасидаги бош шифокорлар республика тиббиёт марказлари билан бевосита ҳамкорлик қилади – интеграциялашган тизим жорий этилиши режалаштирилган. Улар ўз ҳудудларидаги касалликларнинг тури ва динамикасига қараб, ихтисослаштирилган марказлар учун буюртмаларни шакллантирадилар. Бунда нафақат даволаш усуллари, балки профилактика чоралари, шифокорлар малакасини ошириш ва бошқа аниқ вазифалар ҳақида ҳам сўз боради.
Бундан буён вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқармаларининг энг яхши раҳбарлари, шунингдек, оилавий поликлиника мудирлари тиббиёт инфратузилмаси ва хизматларини ривожлантиришдаги аниқ ютуқлари учун мукофотланади.
Асосий мезонлар орасида – касалликларнинг олдини олиш ва даволашга янги ёндашувларни жорий этиш, беморларни марказларга юбормасдан жойида даволашни ташкил этиш, дори-дармонларни оқилона тақсимлаш, малакали кадрлар жамоасини шакллантириш ва уларни мунтазам ўқитиш, шунингдек, жамоада соғлом муҳит яратиш, сифатли хизмат кўрсатиш ва жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш мавжуд.
Энг яхши раҳбарлар қуйидагиларга эга бўлади:
- «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» фахрий унвони;
- орден ва медаллар;
- 30 млн сўм миқдоридаги пул мукофоти;
- ўзлари раҳбарлик қилаётган шифохона ёки поликлиника инфратузилмасини ривожлантириш учун 500 млн сўм.
Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда икки нафар энг яхши раҳбар – туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи ва оилавий поликлиника мудири АҚШ, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея ва Туркия каби ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга мамлакатларда тиббий менежмент бўйича ўқишга юборилади.
Бундай танлов 26 та ихтисослаштирилган республика тиббиёт марказлари орасида ҳам ўтказилади. Хусусан, қуйидаги ишларни амалга оширган марказ директорлари ва филиал раҳбарлари рағбатлантирилади:
- илғор халқаро тажриба асосида клиник протоколларни янгилаш;
- даволашнинг янги усулларини жорий этиш;
- туман ва маҳалла даражасида ишларни самарали ташкил этиш;
- халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, хориждан мутахассислар ва инвестицияларни жалб қилиш;
- ўз муассасаларини замонавий ускуналар ва лабораториялар билан жиҳозлаш;
- тиббий хизматлар экспортини бир неча баробар ошириш.
«Агар шундай қилсак, поликлиникаларда, туман ва вилоят шифохоналарида, республика марказларида рақобат ва ишчанлик муҳити шаклланади, муваффақиятли тажрибалар пайдо бўлади, муносиб мутахассислар адолатли рағбатлантирилади ва ўз касбларидан фахрланишади. Халқимиз ҳам бу жараённинг бевосита иштирокчисига айланади», — деди президент Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, президент 2025 йил 9 ноябрь куни давлат тиббиёт муассасаларида ишлайдиган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

