TBC Bank Group OLX Uzbekistan’нинг назорат пакети эгасига айланди

Грузия ва Ўзбекистонда рақамли банкинг экотизими оператори бўлган TBC Bank Group Ўзбекистондаги энг йирик онлайн эълонлар платформаси — OLX Uzbekistan’даги назорат пакетини сотиб олмоқда. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Банкнинг таъкидлашича, ушбу битим сўнгги 30 йил ичида Ўзбекистондаги бирлашиш ва сотиб олиш бозоридаги энг йирик битимлардан бирига айланган. Битим қиймати ошкор этилмаяпти.

Уни амалга ошириш учун TBC Bank Group Titan Investments халқаро инвестиция холдинг компанияси билан қўшма корхона ташкил этди. Натижада OLX Uzbekistan’нинг 100% акциялари қўшма корхонага ўтади. TBC назорат пакетини (50% + 1 акция), Titan Investments эса қолган улушни олади.

Сотувчи Prosus таркибига кирувчи OLX Group бўлди.

OLX Group — бу дунёнинг 30 га яқин давлатида ишлайдиган, товар ва хизматларни сотиш ва сотиб олиш учун онлайн майдончаларнинг глобал тармоғидир. Унинг машҳур брендлари орасида OLX, Otomoto, Property24 ва бошқалар бор. Prosus N.V. — турли соҳаларда ва узоқ муддатли ўсиш салоҳиятига эга бозорларда инвестициялар киритувчи ва фаолият юритувчи Голландия инвестиция гуруҳи. У технологиялар соҳасидаги дунёдаги энг йирик инвесторлардан биридир.

Битим тартибга солувчи органлардан зарур рухсатномалар олингандан сўнг якунланиши керак. TBC Bank OLX Uzbekistan’ни ўз экотизимига интеграция қилишни режалаштирмоқда.

Банк маълумотларига кўра, OLX Ўзбекистон сайтлари орасида ташрифлар сони бўйича 6-ўринни эгаллайди, у ҳар ойда 5,4 миллион фаол фойдаланувчига ва 2,2 миллион долзарб эълонга эга. Хизматлар, товарлар, автомобиллар ва кўчмас мулк савдоси учун платформа мамлакатдаги фаол интернет аудиториясининг 20% дан ортиғини қамраб олади.

OLX ўз бренди остида ишлашда давом этади, аммо келажакда «21 миллиондан ортиқ фойдаланувчини бирлаштирувчи» TBC Uzbekistan экотизимига интеграция қилинади. TBC Uzbekistan бош директори Ники Курдианининг сўзларига кўра, «платформалар ўртасидаги синергия» янги ечимларни жорий этишни жадаллаштириш ва аудиториянинг қўшимча сегментларини жалб қилиш имконини беради.