
Грузия ва Ўзбекистонда рақамли банкинг экотизими оператори TBC Bank Group мамлакатдаги чакана савдони автоматлаштириш учун энг йирик SaaS-платформалардан бири бўлган BILLZ’да назорат пакетини сотиб олмоқда.
Банк маълумотларига кўра, битим мамлакат технологик секторида сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик битимлардан бири бўлади.
Битим суммаси 12 миллион долларгачани ташкил этади. Биринчи босқичда 9 миллион долларга акцияларнинг 53%и сотиб олинади, 2 йил ичида эса улушни 60%гача ошириш режалаштирилган. Битим якунлангандан сўнг BILLZ 20 миллион долларга баҳоланади.
Битим тартибга солувчилардан зарур рухсатномалар олингандан сўнг ёпилади.
Келишув доирасида BILLZ TBC Uzbekistan экотизимига интеграция қилинади, аммо ўз бренди остида ишлашда давом этади. Компания раҳбарияти ва жамоаси ўз позицияларини сақлаб қоладилар ва маҳсулотлар қаторини ривожлантирадилар. Шунингдек, 3 йилдан кейин қолган 40%ни сотиб олиш опциони имзоланди.
«2019 йилда Ўзбекистон бозорига кирганимиздан буён TBC мамлакатнинг финтех-секторини ривожлантиришда муҳим роль ўйнамоқда, — деди TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани. — BILLZ бозор етакчиси билан стратегик ҳамкорлик бизга Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган стартап-ҳамжамиятини қўллаб-қувватлашда давом этишга ёрдам беради».
BILLZ бош директори ва ҳаммуассиси Рустам Ҳамдамовнинг сўзларига кўра, битим минглаб кичик бизнес корхоналари учун янги имкониятлар очади. «TBC Uzbekistan билан ҳамкорлик имкониятларимизни сезиларли даражада кенгайтиради, мижозларга улар учун янги долзарб хизматларни таклиф қилиш ва минтақадаги стратегик вазифаларни амалга оширишни тезлаштириш имконини беради», — дея қайд этди у.
BILLZ компанияси чакана савдо жараёнларини автоматлаштиришга ихтисослашган ва Ўзбекистонда 4000 дан ортиқ чакана сотувчига хизмат кўрсатади. У савдоларни бошқариш, омбор, CRM, электрон тижорат ва аналитика учун ечимларни бирлаштиради, шунингдек, маркетплейслар ва ижтимоий тармоқлар билан интеграциялашади.
Ўзбекистон ва Қозоғистондан ташқари, BILLZ Қирғизистон, Тожикистон, Грузия ва Озарбайжондаги мижозлар билан ишлашни бошлади. 2024 йил сентябрь ойида компания стартапнинг умумий баҳоси 10 миллион долларга баҳоланганда 500 минг доллар инвестиция жалб қилди. Раундга Қозоғистоннинг FinQ факторинг компанияси, Activat VC ва Aloqa Ventures венчур фондлари бошчилик қилди.
Платформа орқали дўконлар 120 минг долларгача гаровсиз молиялаштириш жалб қилиши мумкин. Ҳамдамовнинг сўзларига кўра, 2024 йил сентябрь ҳолатига кўра, ҳамкор банк билан бирга ажратилган маблағларнинг умумий суммаси 10 миллион долларга яқинлашган.
TBC Bank Group ушбу битим орқали кичик ва ўрта бизнес сегментидаги позицияларини кучайтириш ниятида. BILLZ мижозлари учун TBC Bank банк маҳсулотлари ва Payme рақамли тўлов хизматларига кириш имконияти очилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки 24 июлдан микроқарзларга нисбатан талабларни кучайтирмоқда. Банклар портфелидаги улуши 25%дан ошмаслиги керак. Бироқ TBCда бу кўрсаткич анча юқори. Шу сабабли тартибга солувчи банкларга (TBC ва Anorbank) ўз портфелидаги микроқарзлар улушини босқичма-босқич талаб этиладиган даражагача камайтириш учун 2029 йил 1 январгача муддат берди. BILLZ билан тузилган битим TBCга кредит портфелини диверсификация қилишда ёрдам бериши керак.
Aloqa Venturesнинг биринчи экзити
«Экзит» (Exit) – бу инвесторнинг лойиҳадан чиқиши дегани. Оддий сўзлар билан айтганда, бу инвестор маблағ киритган лойиҳасидан фойда билан чиқиб кетадиган пайт.
AloqaBank томонидан 2021 йилда асос солинган Aloqa Ventures венчур фонди биринчи экзит битими ҳақида хабар берди. Аввалроқ фонд BILLZ’га 250 минг доллар инвестиция киритиб, компаниянинг 2,79%ига эгалик қилган эди.
Aloqa Ventures хабар беришича, BILLZнинг назорат пакетини TBC Bank Group’га сотиш бўйича битимдан сўнг фонд ўз улушининг ярмини дастлабки сармоядан 1,7 баробар юқори нархда сотган. Иккинчи босқичда фонд пакетнинг қолган қисмини дастлабки инвестициядан 7-10 баробар қимматроққа сотишни режалаштирмоқда.
Фонд бу 2022 йилдаги биринчи инвестициялардан буён илк экзит эканлигини қайд этди. Йил охиригача Aloqa Ventures яна бир нечта шунга ўхшаш битимларни амалга оширишни режалаштирмоқда.