
Зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг тажовузкор хулқ-атворини ўзгартиришга қаратилган коррекция дастури ҳар бир аниқ ҳолат бўйича «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан биргаликда тасдиқланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 июлдаги қарорида айтилган.
Дастурлар психокоррекцияни — «шахс ривожланишидаги камчиликлар ва бўшлиқларни бартараф этиш мақсадидаги фаол психологик-педагогик таъсир»ни ўз ичига олиши мумкин.
Коррекция дастури 1 ойгача муддатга эга бўлиши мумкин.
Дастурни амалга ошириш билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш органлари, маҳалла хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, ёшлар ишлари ва оила ва хотин-қизлар ишлари бошқармалари, бюджет ташкилотлари психологлари реестридан ёки грантлар доирасида жалб қилинган психологлар, шунингдек хотин-қизлар бўйича бошланғич ташкилотлар шуғулланиши керак.
Ички ишлар вазирлигига 2025 йил 1 октябрга қадар коррекция дастурларини ишлаб чиқишга жалб қилинадиган психологлар реестрини шакллантириш топширилди. Уларнинг номзодлари ҳар ярим йилда ИИВга Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан таклиф этилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб қилиниши мумкин.
Тажовузкор томонидан коррекция дастуридан ўтиш учун иш режаси профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилган вақтдан бошлаб 2 иш куни ичида ишлаб чиқилади.
Сўнгра у режани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази билан келишиши ва уни туман ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар ишлари бўлими бошлиғи томонидан тасдиқланишини таъминлаши керак.
Инспектор дастурдан ўтиш ҳақидаги маълумотларни «E-ijtimoiy profilaktika» ахборот тизимининг «E-tuzatish dasturi» модулига киритади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенат раиси Танзила Норбоева зўравонлик содир этаётганлар билан ҳеч қандай иш олиб борилмаётгани ва бу такрорий ҳодисаларга олиб келиши мумкинлигини танқид қилган эди.