
Ўзбекистонда чет эл фуқаролари учун қўшилган қиймат солиғини қисман қайтариш (tax free) тизими иши соддалаштирилмоқда, дейилади президентнинг 2026 йил 5 мартдаги қарорида.
Ўзгаришлар маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатнинг туристик жозибадорлигини ошириш ва чакана савдода ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Нималар ўзгаради
2026 йил 1 апрелдан бошлаб тизим мамлакатдаги барча халқаро аэропортларда жорий этилади. Ҳозирда у 9 та аэропортда (Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Урганч, Қарши, Навоий, Нукус ва Термизда) фаолият кўрсатмоқда.
ҚҚСни қайтариш учун хариднинг минимал қиймати 1 миллион сўмдан 300 минг сўмгача туширилади.
Tax free тизими татбиқ этиладиган товарларнинг чекланган рўйхати (озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари) бекор қилинади.
Чет эл фуқароларининг банк картасига ҚҚСни қайтариш товарлар олиб чиқиб кетилган кундан бошлаб 3 иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
ҚҚС нақд пул шаклида қайтарилганда, солиқ миқдорининг 15 фоизи тизим операторига қолади.
Чет эл фуқаролари солиқ органларининг мобил иловасида (Soliq) электрон почта орқали идентификациядан ўтишлари мумкин бўлади.
Тажриба тариқасида Қозоғистон билан чегарадаги «Ғишткўприк» автомобиль ва пиёдалар чегара постида ҳам ҚҚСни қайтариш бўйича сервис пункти очилади. Бу ерда тизим пунктни реконструкция қилиш ишлари якунланганидан кейин ишга тушади.
Tax free тизими 2023 йилда тажриба тариқасида бешта аэропортда товарларнинг алоҳида турлари — сувенир маҳсулотлари, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали буюмлар, гиламлар, тўқимачилик ва бошқалар учун йўлга қўйилган эди.