
Ўзбекистон ўз Ташқи сиёсий фаолият концепциясини қайта кўриб чиқиш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсий фаолият масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, дунёдаги геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимининг беқарорлиги, минтақавий қарама-қаршиликлар ва глобал иқтисодий трансформациялар ҳар бир давлатдан ташқи сиёсатни доимий равишда қайта кўриб чиқишни ҳамда уни миллий манфаатлар ва замон талабларига мослаштиришни талаб этмоқда.
У сўнгги йиллардаги очиқ, прагматик ва вазмин ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистоннинг позицияси ва халқаро обрўси мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, глобал хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар, янги иқтисодий иттифоқлар, савдо йўналишларининг шаклланиши, шунингдек, технологик ва энергетика бозорларининг трансформацияси ташқи сиёсатда янада фаол, мақсадли ва натижага йўналтирилган ёндашувни талаб қилади, деди.
Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий фаолият концепциясини янгилаш, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаш зарурлигини таъкидлади.
«Янги концепция мамлакатнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотлар мантиғини, шунингдек, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестициялар, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни комплекс ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши керак», — деди.
Ташқи сиёсий фаолият концепцияси биринчи президент Ислом Каримов томонидан 2012 йил 10 сентябрда имзоланган қонун (ЎРҚ-330) билан тасдиқланган эди. Ҳозирги вақтда ушбу ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида (Lex.uz) мавжуд эмас. Қонунга ҳавола Сенат Кенгаши қарори матнида сақланиб қолган, бироқ унга ўтилганда «404» (Саҳифа топилмади) хатолиги чиқмоқда.
2021 йилги Давлат дастури лойиҳасида концепцияни «такомиллаштириш» режалаштирилган эди, бироқ ҳужжатга охирги ўзгартиришлар 2019 йилда киритилган бўлиб, унда «ҳарбий доктрина» сўзи «мудофаа доктринаси»га алмаштирилган.
2012 йилда Ташқи сиёсий фаолият концепцияси қуйидаги асосий қоидаларни ўз ичига олади:
- Ўзбекистон давлат, халқ олий манфаатлари, унинг фаровонлиги ва хавфсизлиги, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишлари, амалдаги миллий қонунчилик ва қабул қилинган халқаро мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликлар ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;
- Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилма ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, ундан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;
- Ўзбекистон ўзининг қўшни давлатлардаги қуролли можаролар ва кескинлик ўчоқларига тортилишининг олдини олиш бўйича сиёсий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўради, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектлар жойлаштирилишига йўл қўймайди;
- Конституцияга, «Мудофаа тўғрисида»ги қонунга, Ҳарбий доктринага мувофиқ, Ўзбекистон Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун ташкил этилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди.
2026 йил 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида президент «замонавий хавф ва таҳдидларнинг тез ўзгариб бораётган мазмуни ва кўламини, мудофаа ва хавфсизлик соҳалари олдига қўйилаётган катта вазифаларни» инобатга олган ҳолда 2018 йилдаги Мудофаа доктринасини ва 1997 йилдаги Миллий хавфсизлик концепциясини ҳам янгилаш бўйича топшириқ берди.