
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев душанба куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевани II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, юксак давлат мукофоти «икки томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари учун» берилган.
Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси расмий ташриф билан Остонага келди, ташриф доирасида икки мамлакат Сенатлари ўртасида 2025−2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик «йўл харитаси»ни имзолаш, ишбилармонлик учрашувлари ва икки мамлакат илмий-ижодий зиёлиларининг биринчи форумида иштирок этиш режалаштирилган.
Қозоғистон президенти билан учрашувда парламентлараро дипломатия, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
«Биз қардош Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият берамиз. Биз буни Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг жуда муҳим омили деб ҳисоблаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қанчалик яхши, яқин ва самарали бўлса, минтақадаги вазият шунчалик тинч бўлади», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.
Танзила Норбоева президент Шавкат Мирзиёевнинг саломларини етказди: «У эришилган барча келишувлар шахсан унинг назоратида эканини етказишни сўради ва биз, албатта, президентнинг бутун жамоаси, жумладан парламент ҳам, аниқ натижалар бўлиши учун уларни амалга ошириш устида ишлаймиз».
2018 йилда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев президент Шавкат Мирзиёевни I даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлаган эди. 2021 йилда президент Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлаган.