
Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ОТМ талабалари учун ягона форма жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.
Гап нима ҳақида кетмоқда?
Куни кеча жамоатчилик муҳокамаси учун Вазирлар Маҳкамасининг (махфийлик грифи остида) «ОТМларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, „ОТМ брендини“ яратиш ва талабаларнинг кийиниш маданиятини шакллантириш» тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинган эди.
Ушбу ҳужжатда ҳар бир ОТМ учун 2025 йил 1 августга қадар ноёб имидж ва бренд концепциясини ишлаб чиқиш режалари ҳақида сўз юритилади ва ОТМ талабалари ва ходимларининг тегишли логотипга эга бўлиши керак бўлган кийимларига талаблар мавжуд.
Вазирлик нима деди?
Вазирлик ҳужжат лойиҳасида талабалар учун мажбурий талаб ёки ягона форма жорий этиш билан боғлиқ нормалар мавжуд эмаслигини таъкидлади.
«Аксинча, ОТМлар ўз тарихи, вазифалари, маданий қадриятлари ва минтақавий хусусиятларидан келиб чиқиб, ўз корпоратив услуби ва рамзларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. Бу таълим ташкилотларининг индивидуал имиджини шакллантиришга қаратилган ташаббус сифатида қабул қилиниши керак», — дейилади вазирлик баёнотида.
«Эстетика, гигиена ёки ташқи кўриниш бўйича тавсиялар фақатгина ихтиёрий хусусиятга эга, уларни жорий этиш ёки қўллашнинг амалий жиҳатлари ҳар бир таълим муассасасининг ички қарорларига боғлиқ. Шундай қилиб, ушбу лойиҳа доирасида махсус форма жорий этиш ёки уни мажбурий кийишни талаб қилиш назарда тутилмаган», — дея қўшимча қилди Олий таълим вазирлиги.
ОТМларнинг корпоратив услуби ва бренд элементларини (логотип, ранглар палитраси ва ҳ.к.) шакллантириш ташаббуси университетларни мамлакат ичида ҳам, халқаро майдонда ҳам самарали тарғиб қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва имиджини мустаҳкамлашга қаратилган, деб таъкидлайди вазирлик.
«Олий таълим муассасаларида ҳар бир талабанинг эркинлиги ва ҳуқуқлари Конституция ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимояланган», — дея таъкидлади Олий таълим вазирлиги.