Ўзбекистонда таксичиларнинг фаолияти ўз ҳудуди ва қўшни вилоятлар билан чекланди

Ўзбекистонда такси ҳайдовчиси фақат ўзи рўйхатдан ўтган ҳудудда ва унга қўшни вилоятларда ишлаши мумкин бўлган тартиб амал қила бошлади.

Шу кунларда Telegram-каналларда тарқалган видеода таксичиларга лицензия берувчи ташкилот эндиликда ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳайдовчининг рўйхатдан ўтган ҳудудини ҳисобга олаётгани айтилмоқда.

“Агар ҳозир кимдир лицензия олиб, Тошкентда ишламоқчи бўлса, рад жавобини олмоқда. Агар ҳайдовчи лицензия олса, унга фақат ўз ҳудудида ишлашга рухсат берилади. Масалан, рақамдаги 01 ҳудуд белгиси — бу Тошкент, улар Тошкентда ишлайди. Андижонликлар — Андижонда, Қорақалпоғистонликлар — Қорақалпоғистонда, Қашқадарёликлар — Қашқадарёда”, — дейди видео муаллифи.

“Газета” вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов ушбу маълумотни тасдиқлади ва бундай тартиб ҳозирда ҳақиқатан ҳам қўлланилаётганини билдирди.

“Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлмаган: 2011 йилдаёқ йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солувчи 139-сонли қарор қабул қилинган эди. Ушбу қарор билан тасдиқланган низомда йўналишсиз таксилар учун талаблар ва ягона таниқлик белгилари мавжуд. 5-бобнинг 9-бандида ҳайдовчи йўловчиларни йўналишсиз таксида фақат лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудуд доирасида ташиши мумкинлиги айтилган”, — деди.

“Бу қарор ўз кучини йўқотган. Унинг ўрнига 2025 йилда қабул қилинган янги қарор келди. Унга мувофиқ, ҳайдовчи фаолиятини фақат лицензияда кўрсатилган ҳудудда ва унга туташ ҳудудларда амалга ошириши мумкин”, — деди матбуот котиби.

Масалан, Тошкентда рўйхатдан ўтган, давлат рақами 01 коди билан бошланадиган транспорт воситаси Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида таксичилик фаолиятини амалга ошириши мумкин. 10-рақамли (Тошкент вилояти) ҳайдовчи ҳам Тошкент, Сирдарё ва Наманган вилоятларида ишлаши мумкин.

“Гап айнан тегишли ҳудуд ичида таксига тақиқ қўйиш ҳақида кетмоқда, яъни ҳудуд ичида А нуқтадан Б нуқтага ташиш ҳақида. Шу билан бирга, Самарқанддан бўлган ҳайдовчи мижозни бошқа ҳудудга ташиши мумкин. [Лекин ўша ҳудуд ичида ишлай олмайди]”, — деди Ашурматов.

Эски ва янги қарорларда айнан нима ёзилган?

2011 йилги Йўналишли таксилар учун ягона белгилар ва уларнинг ишини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомнинг 9-1-бандига кўра, йўналишли такси ҳайдовчиси йўловчиларни лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудудда ташийди. Бунда йўналишли такси томонидан йўловчилар ва багажни лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудуддан ташқарида ташишга, агар жўнаш пункти ушбу ҳудудда, манзил пункти эса бу ҳудуддан ташқарида бўлса, рухсат берилади.

2025 йил 2 апрелда тасдиқланган янги низомда айтилишича, ҳайдовчи фаолиятини лицензияда кўрсатилган ҳудудда, шунингдек, унга туташ ҳудудда амалга ошириши мумкин. Бунда лицензияда кўрсатилган ҳудуд транспорт воситасининг давлат рўйхат рақамининг ҳудудий коди асосида аниқланади.

Шундай қилиб, Транспорт вазирлиги таъкидлаганидек, бу тартиб илгари амал қилмаган. Гап ҳудудий тамойил бўйича янги чекловлар ҳақида кетмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, янги тартиб жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган. Транспорт вазирлиги аввалроқ ўзгаришлар ва уларнинг мақсади ҳақида изоҳ бермаган эди.

Бундай чекловлар жорий этилиши мумкинлиги ҳақида илк бор 2024 йил апрель ойида Lolazor подкасти иштирокчилари томонидан айтилган эди. Ўшанда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси пойтахтда онлайн-агрегаторлар орқали Тошкент, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан келган ҳайдовчилар йўловчи ташиётганини хабар қилган эди.

Хусусан, ўша пайтда солиқ органларининг ахборот тизимларига 6 та онлайн-агрегатор интеграция қилинган эди. Ушбу агрегаторлар ёрдамида йўловчи ташийдиган ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчиларда 199,1 минг автомобиль мавжуд эди. Улардан 64% Тошкент бўйлаб ҳаракатланади, бунда автомобилларнинг катта қисми:

  • айнан Тошкентнинг ўзидан (автомобиль коди 01) — 54,6%;
  • Тошкент вилоятидан (автомобиль коди 10) — 17,9%;
  • Қашқадарё вилоятидан (автомобиль коди 70) — 5%;
  • Фарғона вилоятидан (автомобиль коди 40) — 3,3%.

2024 йилда Ўзбекистонда таксининг “оқ” бозори ҳажми 5,89 триллион сўмга етди, бир сафарнинг ўртача чеки — 18 456 сўм. Бир йилда қарийб 320 миллион сафар амалга оширилган, улардан 23,7% карта орқали тўланган.

2025 йил 1 май ҳолатига кўра, такси соҳасида ўзини ўзи банд қилганлар сони 775,5 минг кишини ташкил этмоқда (1 январь ҳолатига қарийб 498 минг эди).

“Конституциявий ҳуқуқларни чеклаш”

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов таксичилар фаолиятига қўйилган янги чекловларни танқид қилди. Унга кўра, ҳайдовчилар фақат ўз автомобили рўйхатдан ўтган ҳудудда ишлаши мумкин.

Унинг фикрича, бундай чоралар нафақат Тошкентдаги тирбандлик муаммосини ҳал қилмайди, балки фуқароларнинг асосий ҳуқуқларига ҳам зид келади.

“Агар ижтимоий тармоқларда ёзилаётганлар рост бўлса, демак, Тошкентдаги тирбандлик муаммосини нотўғри усулда ҳал қилишга уринилмоқда. Муаммо таклифда эмас, талабда. Тошкентда автомобилларга талаб юқори ва кўпчилик бу талабни қондиришга тайёр”, — дея ёзди Ҳошимов ўзининг Telegram-каналида “Iqtisodchi kundaligi” (“Иқтисодчи кундалиги”).

Унинг қайд этишича, бошқа мамлакатларда кўчаларнинг тирбандлигини камайтириш учун бошқа самарали чоралар қўлланилади, масалан, пуллик автотураргоҳлар, жамоат транспортига инвестициялар ёки муайян соатларда пулли кириш жорий этиш.

“Жанубий Америка мамлакатларидан бирида, масалан, тоқ кунларда тоқ рақамли, жуфт кунларда эса жуфт рақамли автомобилларнинг ҳаракатланишига рухсат берилган. Натижада машиналар сони қарийб икки баравар ошган. Бундай чекловларни осонгина четлаб ўтиш мумкин, қонунга ҳурмат пасаяди, аммо таксилар барибир йўқолмайди”, — дея таъкидлади.

Иқтисодчи бундай чекловларнинг қонунийлигига ҳам шубҳа билдирди.

“Бу асосий ва конституциявий ҳуқуқлар масаласидир. Агар муайян фаолият тури бошқа ҳудудларда фақат инсоннинг келиб чиқиши туфайли тақиқланса, бу конституциявий ҳуқуқларнинг бузилиши. Менимча, Ўзбекистон фуқаролари мамлакатнинг исталган ерида яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак”, — деди Ҳошимов.

У ҳудудий чекловлар мантиғини абсурд деб атади: “Агар сиз ҳудудлараро чекловларни тўғри деб ҳисобласангиз, унда, масалан, Юнусобод туманидан [Тошкент] ҳайдовчи нега Сергелида ишлаши мумкин? Ёки Чиноздан [Тошкент вилояти] ҳайдовчи нега Янгийўлда? Кулгили эшитилади, тўғрими? Ҳудудлар ўртасидаги чекловлар ҳам худди шундай кулгили эшитилади”.

Ҳошимов Россия ёки АҚШ каби мамлакатларда турли ҳудудлардан келган ҳайдовчилар мегаполисларда эркин ишлашини эслатди.

“Россияда бўлганимда, кўпинча Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган ҳайдовчиларни учратардим. Нью-Йоркда эса Нью-Жерси ёки ҳатто Пенсильванияда яшаган Ўзбекистонлик таксичилар мени бир неча бор олиб борган. У ерда келиб чиқиши ёки рўйхатдан ўтиши бўйича иш чекланмагани яхши. Гарчи Нью-Йорк ва Нью-Жерси бутунлай бошқа штатлар ва солиқ тизимлари бўлса ҳам”, — дея қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, янгиланган Конституциянинг 67-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида ягона иқтисодий макон, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.