
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда Таиландда мамлакат фуқаролари иштирокида содир бўлган ҳодиса ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
2026 йил 11 январь куни Пхукет ороли яқинида сайёҳлик катери ва балиқ овловчи траулер тўқнашиб кетган. Таиланд ОАВларининг хабар беришича, 22 киши жароҳатланган бўлиб, улардан 3 нафари Таиланд фуқаролари (катер экипажи аъзолари) ва 19 нафари хорижлик сайёҳлардир. Бир киши — россиялик 18 ёшли сайёҳ қиз ҳалок бўлгани тасдиқланган.
ТИВ маълумотларига кўра, катерда уч нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Улардан икки нафари енгил тан жароҳати олган ва маҳаллий шифохонага ётқизилган.
«Жабрланганлар тўлиқ соғайиб, шифохонадан чиқарилган, уларнинг барча тиббий ва қўшимча харажатлари кема эгаси бўлган компания суғуртаси ҳисобидан қопланган», — дейилади ТИВ хабарида.
Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консуллиги вакиллари ҳодиса давомида маҳаллий ҳокимият органлари ва тиббиёт муассасалари билан алоқада бўлиб туришгани таъкидланган.

