
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Taftish.uz нашри журналистларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Сайт фуқаролар мурожаатлари бўйича суриштирувлар ўтказиши билан танилган.
Иш фигурантлари орасида нашр раҳбари Ғайрат Абераев (1988 йилда туғилган), шунингдек, ходимлар Азизжон Йўлдошев (1992), Сардор Ҳамидов (2000), Маржона Эшқувватова (2006) ва Дилшод Нишонов (1998) бор.
Улар 2026 йил 16 январь куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддаси (фирибгарлик)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб қўлга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уларнинг 139-модда (туҳмат) ва 244-6-модда (ёлғон маълумот тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларга алоқадорлигини ҳам текширмоқда.
Пойтахт ИИББ иш бўйича кейинроқ қўшимча маълумот берилишини қайд этди. У ерда нашр ёпилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди.
2023 йил ноябрь ойида Ғайрат Абераевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, у фирибгарлик ва пора беришга уринишда айбланган эди.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР) маълумотларига кўра, Taftish.uz сайти тегишли бўлган Elita-Media компанияси 2019 йил сентябрь ойида ташкил этилган. Ҳозирда унинг раҳбари сифатида Абераев, таъсисчиси сифатида эса Дилшод Иргашев кўрсатилган. Taftish.uz веб-сайти 2021 йил 24 мартда ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Сайтдаги охирги материаллар 2026 йил 13 январь куни эълон қилинган. Нашрнинг YouTube саҳифасига 272 минг, Instagram саҳифасига 234 минг, Telegram каналига эса 33,4 минг фойдаланувчи обуна бўлган.