Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 19/01/2026

«Осон пул ва жазосизлик эйфорияси». ИИВ Taftish.uz ходимлари ҳақида видео эълон қилди (видео)

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги шанба куни Taftish.uz интернет-нашри ходимларига нисбатан қўйилган айбловлар тафсилотларини эълон қилиб, унинг жамоасини «интернетдан қурол сифатида фойдаланган» ва «одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлашни осон пул манбаига айлантирган» шахслар деб атади (матн, видео). Бундан аввал бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари бўйича аудиодалиллар акс этган видео ҳам эълон қилинган эди.

Taftish.uz («Elite-Media» МЧЖ) билан боғлиқ беш киши — Ғайрат Абераев (1988 йилда туғилган, ИИВ уни лойиҳанинг норасмий раҳбари деб атамоқда), Азизжон Йўлдошев (1992), Сардор Ҳамидов (2000), Маржона Эшқувватова (2006) ва Дилшод Нишонов (1998) Жиноят кодексининг бешта моддаси — товламачилик (165), фирибгарлик (168), туҳмат (139) ва ёлғон маълумот тарқатиш (244-6) бўйича айбланмоқда. Уларнинг барчаси 2026 йил 16 январь куни қўлга олинган.

Taftish.uz ходимлари «баландпарвоз шиорлар ва таҳдидлар ниқоби остида товламачилик ва фирибгарликни кундалик фаолиятига айлантириб, оддий одамларнинг муаммоли вазиятларини чалғитувчи ахборот ҳужумлари орқали тасвирлашган», дейилади ИИВ матбуот хизмати баёнотида.

Гуруҳ раҳбари Ғайрат Абераев «кўп йиллар давомида фирибгарлик, товламачилик, ёлғон маълумот тарқатиш ва пора беришда воситачилик қилишни ўзига касб қилиб олган», деб таъкидланади баёнотда.

Вазирлик маълумотларига кўра, у 2013 йилда ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик), 2015 йилда 168-модданинг 1-қисми (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора беришда шериклик) бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Ўша йили 167-модданинг 3-қисми «а» банди (ўта йирик миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда шериклик) бўйича 7 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ амнистия туфайли жазодан қутулиб қолган.

ИИВ хабарига кўра, у 2016 йилда ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б» банди, 211-моддаси (шериклик ва такроран пора беришга уриниш) билан 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2020 йилда шартли равишда муддатидан олдин озод қилинган.

«Давлат томонидан кўрсатилган ғамхўрликни суиистеъмол қилган бу шахс жиноий фаолиятини давом эттирди» ва 2024 йилда ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (ўта йирик миқдорда фирибгарлик) бўйича айбдор деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

2025 йил 28 майда сайтда давлат амалдорларига нисбатан туҳматдан иборат уйдирмаларни тарқатгани учун Абераев блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилди ва ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «г» банди (ғаразли ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) бўйича 1 йил-у 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Ҳозирги ҳибсга олингунга қадар у пробация шартлари асосида озодликни чеклаш жазосини ўтаётган эди. Хавфли рецидивист деб топилган. Интернет ва телефондан фойдаланиш тақиқланганига қарамай, у жиноий гуруҳни бошқарган ва укаси Ғанишернинг номига очилган сохта профил орқали фаолиятни мувофиқлаштириб келган, дейилади баёнотда.

Азизжон Йўлдошев муқаддам судланмаган. «Ижтимоий тармоқларда ўзини халқ ҳимоячиси қилиб кўрсатса-да, аслида у фуқаролар ва амалдорларга нисбатан „кўча безориси“ каби муносабатда бўлиб, ҳақиқат ҳимоячиси учун ҳамма нарса мумкин бўлган одобсиз шахсдек тутади», дейилади ИИВ баёнотида.

«Эски таниши, гуруҳ раҳбари Г. Абераевнинг кўрсатмаси билан Taftish.uz ниқоби остида у жиноий шериклари Д. Нишонов ва М. Эшқувватова билан биргаликда мурожаатчиларнинг маблағлари ҳисобига фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видеороликлар тайёрлаган, уларни YouTube-каналига жойлаштирган ва кейинчалик Г. Абераев орқали ушбу видеоларни ўчириш эвазига пул талаб қилган», деб қайд этади ИИВ.

Хусусан, вазирлик маълумотларига кўра, у Тошкентдаги Чилонзор буюм бозори раҳбариятидан пул ундириш, Наманган вилояти Чуст туманидаги оиланинг шаънини ерга уриш, пойтахтдаги Parkent Development қурилиш компанияси обрўсига путур етказиш ва Самарқанд вилоятидаги «Узбегим уйлари» қурилиш компанияси раҳбариятидан пул талаб қилишда шу каби усуллардан фойдаланган.

Дилшод Нишонов — Taftish.uz мухбири, иккинчи гуруҳ ногирони. Суд қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-1 (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) ва 202-2 (ёлғон маълумот тарқатиш — ўзига нотаниш оила ҳақида) моддалари бўйича айбдор деб топилган.

«Мавжуд маълумотларга кўра, Г. Абераев уни мухбир сифатида ишга олиб, жиноий гуруҳга айнан ногиронлиги сабабли қўшган. Бундан мақсад жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш, фуқароларда унинг ногиронлигига нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотиш ва ундан давлат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига турлича босим ўтказиш учун фойдаланиш бўлган», деб таъкидланади баёнотда.

ИИВнинг қайд этишича, Нишонов гуруҳ ичида «Торпеда» лақаби билан танилган бўлиб, у ўз ногиронлигидан фойдаланиб пул олиши ва давлат органлари ходимлари билан қўпол муомалада бўлиши мумкин эди. Гуруҳ таркибида у Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти Зангиота тумани, Наманган вилояти Косонсой тумани ва Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида фуқаролар ва тадбиркорларга нисбатан туҳмат қилиш билан фаол шуғулланган.

«Шуни таъкидлаш жоизки, ўзини гўёки халқ номидан ҳукуматдан норозилик билдириб, ҳуқуқи камситилган фуқаро қилиб кўрсатувчи бу шахс ва унинг оила аъзоларига давлат томонидан тизимли равишда ижтимоий ёрдам кўрсатиб келинмоқда», дейди ИИВ.

Хабар қилинишича, 2020 йилда Нишонов ва унинг ота-онаси яшайдиган Чилонзор туманидаги кўп қаватли уй мукаммал таъмирланган, атроф ободонлаштирилган. 2024 йилда эса ушбу оилага «давлат раҳбари ташаббуси билан Янгиҳаёт туманидан янги икки хонали квартира бепул берилган».

«Бундан ташқари, ҳокимият унинг онаси ушбу ҳудудда савдо қилиши учун шароит яратиб берган ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, ҳужжатлари йўқлигига қарамай, дўконда ишлаб пул топишига имкон берган. Дилшод Нишонов ҳам мунтазам равишда ижтимоий ҳимоя билан таъминланмоқда», деб таъкидланади баёнотда.

Мухбир Маржона Эшқувватова 2024 йил апрель ойида фуқаронинг қадр-қимматини камситувчи ёлғон маълумот тарқатгани учун МЖтКнинг 202-2-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Д. Нишонов, А. Йўлдошев ва С. Ҳамидов билан биргаликда октябрь-декабрь ойларида мурожаатчиларнинг пули эвазига Наманган вилояти Косонсой тумани, Тошкент шаҳри, Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги тадбиркорларнинг шаъни ва қадр-қимматини ерга урувчи видеоматериаллар тайёрлаб эълон қилишган. Гуруҳ раҳбари Абераев ушбу материалларни интернетдан ўчириш эвазига товламачилик йўли билан пул олиб келган, дейилади баёнотда.

Айнан Эшқувватова 2025 йилнинг ноябрь ойида Parkent development ва «Узбегим уйлари» компаниялари ҳақида уйдирма материаллар тарқатиш билан шуғулланган. Ушбу материалларни ўчириш учун Абераев ва Йўлдошев тадбиркорлардан пул талаб қилган.

Эшқувватова «ўзига шунчалик бино қўйганки», деб қайд этади ИИВ, ноябрь ойида Instagramʼдаги жонли эфирда Сирдарё вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси ҳудудида тамаки чеккан эркакка нисбатан чора кўрган профилактика инспекторини қоралашга уринган. Ваҳоланки, бу ҳаракатлар одамлар ҳаётига тўғридан-тўғри хавф туғдирган — шохобчада 18 та автомобиль ва 50 дан ортиқ одам бўлган, эркак эса чекишда давом этган.

«Ижтимоий тармоқларда ўзини халқ ҳимоячиси қилиб кўрсатадиган ва тинимсиз „қонун, қонун“ дейдиган М. Эшқувватованинг ўзи аслида ашаддий ҳуқуқбузардир», деб давом этади ИИВ.

У ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса-да, автомобиль бошқарган ва унга мунтазам равишда Йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жарималар ёзилган. Унинг машинаси жарима майдончасига қўйилган, бироқ машинани қайтариб олгач, у яна 14 марта ЙҲҚни бузган. Натижада у жиддий ЙТҲга учраган, дейилади баёнотда.

«Осон пул ва жазосизлик эйфориясига берилган бу аёл ўз танишлари ва ёрдам сўраганларни давлат тузилмалари, ҳукумат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ундан қўрқишига, нима деса қилишига ва у ўз танқиди билан ҳар қандай муаммони ҳал қила олишига кўп марта ишонтирган», деб таъкидлади ИИВ.

«Ҳурматли фуқаролар, муаммолар мавжуд бўлганда турли фирибгарларга эмас, фақат масъул давлат органларига мурожаат қилинг, — деб чақирди вазирлик. — Маблағингизни лицензияга эга бўлган юристлар хизматига сарфланг. Даромадингизни очиқлик ва оммавий ахборот воситаси ниқоби остида яширинган жиноий гуруҳлар фаолиятини ривожлантиришга сарфламанг!»

ИИВ ушбу шахсларнинг ҳаракатларидан жабрланган бўлиши мумкин бўлган фуқаролардан 71-231-40-66 телефон рақами орқали Тергов департаментига мурожаат қилишларини сўради.