
Ўзбекистонда тадбиркорларга асоссиз равишда молиявий жарималар қўллаган мансабдор шахслар учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси Бизнес-омбудсман ташаббуси билан муҳокамага эълон қилинди.
Ҳужжатнинг тушунтириш хатида қайд этилишича, амалиёт назорат қилувчи органлар томонидан асоссиз жарима қўллаш ҳолатлари тез-тез учрашини кўрсатмоқда, аммо амалдаги қонунчиликда бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик кўзда тутилмаган.
Бизнес-омбудсман Аппарати маълумотларига кўра:
- 2024 йилда тадбиркорлардан ноқонуний жарималар бўйича судларга 6370 та шикоят келиб тушган. Улардан 5280 таси судлар томонидан қаноатлантирилган ва натижада қарийб 1,4 трлн сўм миқдоридаги жарималар бекор қилинган;
- 2025 йилнинг биринчи ярмида 4738 та шикоят келиб тушган, улардан 3755 таси ҳам қаноатлантирилган, қарийб 3,1 трлн сўм миқдоридаги жарималар бекор қилинган.
Ҳужжатда жавобгарликнинг йўқлиги назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига етарли асосларсиз молиявий санкцияларни қўллаш, шу билан бирга жазоланмаслик имконини бераётгани таъкидланган.
Тадбиркорларнинг шикоятларининг аксарияти судлар томонидан уларнинг фойдасига кўриб чиқилмоқда, триллионлаб сўмлик жарималар бекор қилинмоқда. Қонун лойиҳасининг асослантирилишида бу муаммони тизимли ҳал қилиш зарурлигини кўрсатади, деб қайд этилган.
Қонун лойиҳаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 241-11-модда (назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органи ҳамда давлат ташкилоти мансабдор шахси томонидан тадбиркорлик субъектларига асоссиз молиявий жарималар қўллаш, агар улар суд томонидан ноқонуний деб топилса) билан тўлдиришни назарда тутади. Бунинг учун 20 дан 40 баробаргача базавий ҳисоблаш миқдорида (8,24 млн сўмдан 16,48 млн сўмгача) жарима белгиланган.
Лойиҳани тайёрлашда бошқа давлатлар қонунчилиги ўрганилган. Қозоғистонда зарар учун мансабдор шахс, Германияда эса давлат ва ходим ишлайдиган тегишли муассаса жавобгар бўлади. Шу билан бирга, агар қасддан қилинган ҳаракатлар ёки қўпол бепарволик қайд этилса, давлат айбдор мансабдор шахсга нисбатан регресс даъвоси қўзғатиши, яъни зарар суммасини ундан ундириши мумкин.
Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 2025 йил 9 ноябргача давом этади.

