Ноқонуний ҳукм қилинган тадбиркор 300 млн сўм компенсация олди

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман суди қамоқда 5 йил ўтирган, ноқонуний ҳукм қилинган тадбиркор Дилшод Мингбоевга давлат бюджетидан 300 млн сўм компенсация тўлаш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг «Ҳудуд» кўрсатуви хабар берди.

Иш судья Лола Ўтанбоева раислигида кўриб чиқилди. 42 ёшли Дилшод Мингбоев «Садаф» МЧЖ раҳбари бўлиб ишлаб келган ва 2011 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Қамоқда 5 йил ўтирганидан сўнг, эркак оқланиб, озодликка чиққан. У 1 миллиард сўм миқдорида компенсация олиш даъвоси билан фуқаролик судига мурожаат қилди.

«Қамоқда ўтказган 5 йилим давомида кўп қийинчиликларни бошимиздан кечирдик. Онамга жуда қийин бўлди, шу сабабли касал бўлиб қолдилар. Турмуш ўртоғим, онам ва ўзим — жуда кўп нарсаларни бошдан кечирдик», — деди Мингбоев судда.

«Олий суд назорат инстанциясининг 2020 йил 28 ноябрдаги қарори билан ҳимоям остидаги шахс ноҳақ қамоқда ўтирган энг оғир моддалар бўйича тўлиқ оқланди. Суд фақат 207-модданинг 1-қисмини (Мансабга совуққонлик билан қараш) қолдирди. Ушбу модда бўйича ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган ва ўша пайтдаги амнистияга асосан жиноят иши тугатилган эди. Олий суд ажрими билан Дилшод Мингбоевнинг қамоқда 5 йил асоссиз ўтиргани исботланди», — деди адвокат Файзиниса Атаева.

Суд ноқонуний ҳукм учун 300 млн сўм миқдорида компенсация тайинлади. Ушбу маблағ Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарни қоплаш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармадан тўланиши керак.

Дилшод Мингбоев мажлис якунида суд қароридан мамнун эканлигини билдирди.

Судья Лола Ўтанбоева телеканалга берган интервьюсида судьяларда ҳам, шифокорларда бўлгани каби, хато қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидлади. У маънавий зарарни пул билан баҳолаш ниҳоятда қийинлигини, чунки инсон ва унинг оиласи қамоқда ўтказган беш йил давомидаги синов ва изтиробларини баҳолашнинг иложи йўқлигини қўшимча қилди.