
Ўзбекистон ҳукумати бугунги кунда биринчи фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа (суюнчи пули) тўлаш тартибини ўзгартиришни кўриб чиқмаяпти. Бу ҳақда 2026 йил 30 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Шерзод Муҳамедов маълум қилди.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда нафақа барча аёлларга фақат биринчи фарзанд туғилганда берилмоқда. Иккинчи фарзанд туғилганда нафақа фақат «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилганларга берилади. Учинчи ва ундан кейинги болалар учун энди нафақа кўзда тутилмаган.
Ўша пайтда ҳукумат бундай қарор қабул қилиниши сабабларини тушунтирмаган эди.
«Ҳозирги вақтда ушбу тартибни ўзгартириш бўйича режалар йўқ. Тизимни қайта кўриб чиқиш бўйича ҳеч қандай ишланмалар ёки ташаббуслар олиб борилмаяпти ва 2026 йилда ҳам ушбу тартиб сақланиб қолади», — деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили.
Давлат бюджети тўғрисидаги қонунларга кўра, 2024 йилда суюнчи нафақасини тўлаш учун 382,4 млрд сўм, 2025 йилда 275 млрд сўм ажратилган бўлса, 2026 йилда бу сумма 229,8 млрд сўмгача қисқартирилган.
Бугунги кунда давлат ҳар бир бола туғилгани учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи ёки 893,5 минг сўм миқдорида нафақа ажратади.