
Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 15 октябрдаги қарори билан сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраевга янги ўринбосарлар тайинланди.
Зокир Эшқурбонович Эшпўлатов сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари — Сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш агентлиги директори лавозимига тайинланди. У 2025 йил январь ойидан бери вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Зокир Эшпўлатов 1983 йил 24 июнда Сурхондарё вилояти Термиз туманида туғилган. 2005 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг бакалавриат, 2009 йилда магистратура босқичини тамомлаган. Техника фанлари доктори.
Фаолияти давомида Сув хўжалиги вазирлиги тизимининг турли тузилмаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Миролимжон Каримжон ўғли Каримов сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунгача у Ҳисоб палатасида бош инспектор, сектор мудири, ундан аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» нефть маҳсулотлари логистикаси департаменти раҳбари лавозимларида ишлаган.
Миролимжон Каримов 1977 йил 3 январда Фарғона вилояти Бешариқ туманида туғилган. 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат, 2002 йилда магистратура босқичини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1993 йилда «Навбаҳор» улгуржи савдо базасида экспедитор сифатида бошлаган.
У, шунингдек, Солиқ қўмитасида бош солиқ инспектори, бўлим бошлиғи, Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи, Ҳисоб палатаси ва Президент Администрациясининг бош инспектори лавозимларида ҳам ишлаган.