Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизмати учун контроллёрлар орқали нақд тўловларни қабул қилиш тўлиқ тўхтатилди. Бу ҳақида 2025 йил 12 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев маълум қилди.
2024 йил 1 декабрдан бошлаб тўловлар фақат электрон тарзда қабул қилинмоқда. «Ўзсувтаъминот» вакили бу амалиёт сўнгги икки йил давомида босқичма-босқич ҳудудлар кесимида жорий этилганини қайд этди. Бу эса истеъмолчиларни янги тўлов усулига ўргатиш ва дастурий таъминотни такомиллаштириш имконини берди.
«2024 йил 1 декабрдан бошлаб контроллёрлар хонадонларга бориб нақд пул йиғишни тўхтатди. Шу санадан кейин контроллёрга берилган пуллар биллинг базасида ёки абонент ҳисобида акс этишини кафолатламаймиз», — деди у.
Хуршид Раҳматуллаев абонентлар ҳушёр бўлиб, фақат электрон шаклда тўлов амалга оширишлари кераклигини таъкидлади. Бунинг учун банклар, инфокиосклар, тўлов тизимлари ва Telegram даги махсус бот (@uzsuvbot) орқали тўлов қилиш мумкин. Ҳозирда ушбу ботдан фойдаланувчилар сони 26 мингга етган.
Аввалроқ, нақд пул орқали тўловни бекор қилиш соҳада шаффофликни таъминлаш ва коррупцияни бартараф этиш мақсадида амалга оширилгани хабар қилинган эди.