
Давлат хавфсизлик хизматининг хабар беришича, Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган «Катиба ат-Тавҳид вал-Жиҳод» (КТЖ) террористик ташкилоти билан алоқада айбланган 20 нафардан зиёд фуқарога нисбатан ҳукм ўқилди.
ДХХ маълумотларига кўра, 2024 йилда ташкил этилган гуруҳ аъзолари вилоятнинг тоғолди ҳудудларида дам олиш баҳонасида диний йиғилишлар ўтказиб, уларда террорчилик ташкилотларининг мафкуравий етакчиларининг ваъзларини тинглаган, жангарилар сафида «жиҳод»да иштирок этиш ва «шаҳид» бўлиш учун Сурияга бориш ниятини муҳокама қилган.
Қайд этилишича, гуруҳ аъзолари орасида аввал экстремистик ғоялар билан боғлиқ жиноятлар учун судланган шахслар ҳам бўлган, бироқ 2021 йилда уларнинг жазоси юмшатилиб, шартли қамоқ жазоси тайинланган эди.
ДХХ хабарига кўра, гуруҳ аъзолари ижтимоий тармоқлар орқали КТЖ ёлловчилари билан алоқа ўрнатган ва юборилган кўрсатмалар ёрдамида қўлбола портловчи мосламалар ва заҳарловчи моддалар тайёрлашни режалаштирган.
Хабарда айтилишича, айбланувчилар Telegram’даги ёпиқ гуруҳда хориждаги террорчилик ташкилоти кўмагида портловчи моддаларни тайёрлашнинг назарий асосларини ўрганган.
Гуруҳнинг 4 нафар аъзоси Сурияга кетишга ва жангариларга қўшилишга муваффақ бўлган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва улар қидирувга берилган, дея хабар қилди хизмат.
Гуруҳнинг 20 нафар фаол аъзоси Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм), 155-2-моддаси (террористик фаолиятни амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш), 155-3-моддаси (терроризмни молиялаштириш), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича суд томонидан 6 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган.
ДХХ хабарида гуруҳнинг қолган аъзоларига нисбатан жазо инсонийлик тамойиллари инобатга олинган ҳолда юмшатилгани қайд этилган.