
Сурхондарё вилояти Узун туманида саккиз ёшли қиз йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди, дея хабар берди MY5 телеканали.
29 ёшли ҳайдовчи Nexia-2 русумли машинани бошқариб кетаётиб, мактаб яқинлигидан огоҳлантирувчи йўл белгисига қарамай, тезликни пасайтирмаган. Оқибатда у пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган қизни уриб юборган.
«Юк машинаси ёнига етганимда, унинг орқасидан бола югуриб чиқди. Мен тормозни босдим, лекин инсонга тегиб бўлгандим», — деди ҳайдовчи.
«Узун тумани жиноят ишлари бўйича судида марҳуманинг онаси бундай ЙТҲларнинг олдини олиш, болаларни асраш ва бу бошқаларга дарс бўлиши учун айбланувчига қаттиқ жазо тайинлашни сўради», — дейилади репортажда.
Ҳайдовчи 5 йил муддатга манзил-колонияда жазони ўташ шарти билан озодликдан маҳрум этилди. У шунингдек, 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди.