
Сурхондарё вилоятининг Узун туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида бола вафот этди, деб хабар берди вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.
Идора маълумотларига кўра, 2026 йил 4 март куни «Сурхон» маҳалласи ҳудудида 28 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia 2 автомобили йўлни кесиб ўтаётган 6 ёшли қизни уриб юборган. Бола олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Ҳодисадан сўнг вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан «йўл хавфсизлиги масалалари бўйича» суҳбат ўтказилди. Муҳокамада маҳалла фаоллари ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.
Аҳоли мурожаатларини инобатга олган ҳолда «Сурхон» маҳалласида «хавфсизлик чоралари кўрилди» — иккита пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилди, мактаб яқинига тезликни назорат қилувчи радар ўрнатилди, шунингдек, огоҳлантирувчи йўл белгилари қўйилди.
«Давлат аҳамиятидаги D169 автомобиль йўлининг 104-километрида янги пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилиб, йўл чизиқлари чизилди ва белгилар ўрнатилди. Ушбу йўлнинг 106-километридаги 27-мактаб яқинида эса ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи яратилди», — дейилади ЙҲХБ хабарида.
2025 йили Ўзбекистонда 9226 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган бўлиб, улар натижасида 2188 киши ҳалок бўлган ва 8901 киши жароҳатланган. Аввалги йилга нисбатан камайиш 1 фоиздан камроқни ташкил этди.
ЙҲХХ маълумотларига кўра, ҳар 100 минг аҳолига ўлим кўрсаткичи 6,9 дан 5,7 гача ёки тахминан 17,4 фоизга, ҳар 10 минг транспорт бирлигига эса 6,3 дан 4 гача ёки 36,5 фоизга камайган.