
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги «Сурхон» давлат қўриқхонаси ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
8 соатдан ортиқ вақт давомида ўт ўчирувчилар ёнғинни тўлиқ бартараф эта олмадилар.
Қуруқ ўсимликларнинг ёниши ҳақида «112» тизими орқали хабар 23 июль куни соат 15:52 да келиб тушган. Ёнғин «Қизил олма» маҳалласи ҳудудида бошланган. Вилоят маъмурияти маълумотларига кўра, дастлаб ёнғин 3 гектар майдонни қамраб олган.
Ёнғинни соат 22:25 га келибгина маҳаллийлаштиришга, соат 00:35 да эса тўлиқ бартараф этишга муваффақ бўлинди.
Ёнғинни ўчиришга вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 35 нафар ходими ва Шеробод тумани ФВ бўлимининг 25 нафар мутахассиси жалб этилди. Бундан ташқари, Қизириқ, Бандихон, Ангор, Музработ ва Термиз туманларидан ФВ бўлинмаларининг 80 нафар ходими ёнғинни ўчиришда иштирок этди.
Қўшимча равишда 10 нафар ўрмон хўжалиги ишчиси, шунингдек, Мудофаа ва Чегара қўшинларининг 100 нафар ҳарбий хизматчиси жалб қилинди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолётлари ҳам жалб этилган.
Ҳозирги вақтда жабрланганлар ҳақида хабарлар келиб тушмаган.
Табиий ҳудудларда яна бир ёнғин 24 июль куни Тошкент вилоятида содир бўлди. Соат 11:16 да фавқулодда вазиятлар бошқармасига Бўстонлиқ туманидаги «Хожикент» маҳалласининг тоғли ҳудудида 2 гектарга яқин майдонда қуруқ ўт ва буталар ёнгани ҳақида хабар келиб тушди.
Ҳодиса жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари етиб келди. Ўчириш ишларига Мудофаа вазирлиги ҲҲК воситалари ҳам жалб этилди, вертолётлар ёнғин ўчоқларига 60 тоннага яқин сув ташлади.
Ёнғинни соат 12:30 да маҳаллийлаштиришга, соат 17:57 да эса тўлиқ ўчиришга муваффақ бўлинди. Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.