
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
«Оққўрғон» маҳалласидаги ҳодиса ҳақида хабар 2025 йил 13 август куни соат 12:58 да келиб тушган. Суюлтирилган газ сотувчи газ қуйиш шохобчасида автоцистернадан резервуарга ёқилғи қуйиш вақтида ёнғин чиққан. ФВВ маълумотларига кўра, бу технологик жараённинг бузилиши натижасида юз берган.
Воқеа жойига соат 13:07 да 8 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган, соат 13:08 да ёнғин локализация қилинган ва 13:16 да бутунлай ўчирилган. ФВВ ёнғин сабаблари ва етказилган зарар миқдорини аниқламоқда.
Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари етиб борди.
Аввалроқ, Қашқадарё вилоятидаги АЁҚШда бир ҳафта фарқ билан иккита ёнғин, шунингдек, Самарқанд вилоятидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлган эди.
ФВВ автомобиль ва газ қуйиш шохобчаларига қўйиладиган талабларни эслатиб ўтди. Масалан, двигатели ишлаб турган газ баллонли автомобилларга ёқилғи қуйиш, техник кўрик муддати тугаган баллонларни тўлдириш мумкин эмас. Шунингдек, газ қуйиш шохобчаси ҳудудида ва ундан 50 м радиусда автомобилларнинг двигателларини ишга туширмасликни назорат қилиш керак.