
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида гиёҳванд моддалар савдосида гумонланаётган 42 ёшли мактаб ўқитувчиси қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Эркак 14,68 кг опийни шартли харидорга 180 минг АҚШ долларига (1 кг учун 12,2 минг доллардан кўпроқ) сотаётган вақтида ушланган. Тергов ҳаракатлари давомида гиёҳвандлик воситаси унга тожикистонлик наркокурьерлар томонидан етказиб берилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда билан 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Бошқа бир ҳолатда Сирдарё вилоятининг Ховос туманида, Тожикистон билан чегара ҳудудида чегара қўшинлари наряди симтўсиқ орқали улоқтирилган олтита сумкани олаётган икки нафар маҳаллий фуқарони (43 ва 36 ёшли) қўлга олди. Сумкалар ичида 8,31 кг героин ва 54,45 кг опий борлиги маълум бўлди.
Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда контрабанда қилиш) ва 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.