Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 10/08/2025

Сурхондарёдаги М39 трассасининг айрим қисмларида тезлик 130 км/соатгача оширилиши мумкин

Сурхондарё вилоятидаги М39 халқаро автомобиль йўлининг айрим қисмларида тезлик режими 130 км/соатгача оширилиши мумкин. Бу ҳақда «Сурхондарё» телеканали хабар берди.

2025 йил июль ойи бошида президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинганди. Давлат раҳбарининг топшириқларини бажариш доирасида республика ва вилоят миқёсида ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари М39 трассасининг Термиз — Бойсун йўналишидаги қисмини ўрганиб чиқди ва тезликни 130 км/соатгача ошириш имкониятини баҳолади. Ўрганиш натижаларига кўра, қуйидаги тезлик режимини ўрнатиш таклиф этилди:

  • 1315−1324 км (Оқработ аҳоли пункти) қисмида — 90 км/соат;
  • 1324−1326 км (Шифобулоқ маҳалласи) қисмида — 70 км/соат;
  • 1337−1349 км қисмида — 100 км/соат;
  • 1374−1400 км (Шеробод тумани) қисмида — 130 км/соат.

М39 трассасининг 1321−1391 км оралиғида хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида хавфли бурилишларда умумий узунлиги 7 км бўлган бетон тўсиқлар ўрнатиш, 475 та шикастланган йўл белгиларини алмаштириш, 20 та хавфли ҳудудга 1800 та янги йўл белгиларини ўрнатиш, 1315 ва 1400 км оралиғида йўл чизиқларини янгилаш, шунингдек, олтита кўприкдаги йўл қопламаси ва нотекисликларни таъмирлаш режалаштирилган.

Аниқланган барча камчиликлар бартараф этилгандан сўнг трасса қайта текширилади ва белгиланган талабларга жавоб берса, тавсия этилган тезлик режими расман жорий этилади.

Европа Иттифоқи мамлакатларида умумий тезлик чекловлари

Европа Иттифоқи мамлакатларида автомагистраллардаги умумий тезлик чекловлари асосан 120 ёки 130 км/соатни ташкил этади. Германияда автомагистралларда умумий тезлик чеклови йўқ, бироқ 130 км/соат тезликка риоя қилиш тавсия этилади.

ЕИ мамлакатларида шаҳар ташқарисидаги йўллар учун умумий чеклов асосан 80 ёки 90 км/соат, шаҳар ичидаги йўллар учун эса 50 км/соатни ташкил этади.

Кўплаб мамлакатларда бу умумий чекловлардан фарқли чекловлар мавжуд. Аҳоли пунктларида тезлик 30 км/соатгача чекланган ҳудудлар энг кенг тарқалган.

Германияда автобанларда умумий чеклов бўлмаса-да, кўплаб қисмларда хавфсизлик ва экологик сабабларга кўра 80 дан 130 км/соатгача бўлган маҳаллий тезлик чекловлари ўрнатилган.

Нидерландияда автомагистралларда доимий паст тезлик чекловлари бўлган қисмлар сони ортиб бормоқда — кўпинча ҳаво ифлосланиши ва шовқинни камайтириш мақсадида, айниқса, аҳоли пунктлари яқинида бу кўрсаткич 100 ёки 80 км/соатни ташкил этади.