Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 22/02/2026

Президентга ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошлари моделлари тақдим этилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 16 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда 2028 йилда учирилиши режалаштирилган Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдоши моделлари билан танишди.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида сунъий йўлдошнинг икки хил модели тақдим этилганини маълум қилди.

«Асосий мақсад — сунъий йўлдошнинг конструкциясини намойиш этиш: у нималардан иборат, унинг фойдали юки, асосий қисми, қуёш панеллари, учириш қандай амалга оширилиши ва у орбитада қандай кўринишда бўлиши. Сунъий йўлдош орбитада узоқ муддат, яъни 7−10 йил давомида фаолият кўрсатишини инобатга олсак, кейинги 10 йил ичида бизга нималар керак бўлишини олдиндан кўра билишимиз ва режалаштиришимиз лозим», — деди Муҳиддин Иброҳимов.

Иброҳимовнинг сўзларига кўра, 7 нафар талаба Kyushu Institute of Technology институтида таҳсил олмоқда ва у ерда Ўзбекистоннинг биринчи илмий сунъий йўлдошини яратмоқда.

Шунингдек, у коинотга юбориладиган номзодни саралаш жараёни ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, гап фақат парвоз ҳақида эмас, балки орбитал станцияда илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳақида бормоқда. Шу мақсадда илмий ҳамжамият ва Фанлар академияси билан ҳамкорлик қилинмоқда.

«Космонавтга қўйиладиган талаблар, шубҳасиз, юқори: соғлиғининг ҳолати, физиологик кўрсаткичлар, илмий тайёргарлик, тилларни билиш. Биз умуммиллий дастур ва танлов асосида саралашни режалаштиряпмиз. Бўлажак космонавт ҳам Ўзбекистонда, ҳам хорижда таҳсил олиши мумкин. У бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиши, ҳам ишлаши мумкин бўлади», — деди Муҳиддин Иброҳимов.

У фан доктори бўлган венгриялик космонавтни ва онкология соҳаси мутахассиси бўлган Саудия Арабистонидан келган номзодни мисол қилиб келтирди.

«Бир нарсани аниқ айтиш мумкин, космонавт ким бўлишидан қатъи назар, Янги Ўзбекистоннинг биринчи миллий космонавти унвонини олиш ва тарихда из қолдириш катта шараф», — дея қўшимча қилди агентлик раҳбари ўринбосари.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов «Ўзбеккосмос» агентлиги билан биргаликда етакчи олийгоҳларни белгилаш ва космик соҳа учун иқтидорли ёшларни мақсадли саралаш ишлари бошланганини маълум қилди. Мамлакатнинг 6 та олий таълим муассасасида алоҳида космик йўналишлар бўйича 162 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон 6U форматидаги ўзининг биринчи «Мирзо Улуғбек» илмий сунъий йўлдошини учиришни ният қилгани ҳақида хабар берилган эди. 2025 йилда Рақамли технологиялар вазирлиги Kyushu Institute of Technology билан 7 нафар ёш муҳандисни «космик аппаратларни лойиҳалаш, йиғиш ва синовдан ўтказиш» магистратура дастури бўйича икки йиллик ўқитиш тўғрисида келишув имзолаган. Бу вақт ичида улар япон мутахассислари билан биргаликда 6U Cubesat форматидаги биринчи илмий-техник сунъий йўлдошни яратиши ва орбитага чиқариши кўзда тутилган эди.

«Ўзбеккосмос» агентлиги вакиллари томонидан аввалроқ берилган маълумотларга кўра, космонавт тайёрлаш дастури 50−60 млн долларга, сунъий йўлдош яратиш эса унинг техник хусусиятлари ва тасвир аниқлигига қараб 50−100 млн долларга тушиши мумкин.

Spot нашрининг хабар беришича, Муҳиддин Иброҳимов Ucast подкастида космонавт тайёрлаш дастури 50−60 млн долларга, сунъий йўлдош эса 50−100 млн долларга тушиши мумкинлигини, бу якуний тасвир аниқлиги, етказиб берувчи ва бошқа техник кўрсаткичларга боғлиқ эканини айтган.

Учувчи-космонавт Владимир Жонибеков аввалроқ орбитага пахтанинг 108-Ф навли уруғларини олиб чиққани ва уларни халқаро космик станцияда ундиришга муваффақ бўлганини эслаган эди. 2016 йилда улар асосида янги нав яратилган ва патентланган.