
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва мамлакат халқига йўллаган Мурожаатномасида давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар давом эттирилишини эълон қилди.
У олтинчи устувор йўналиш сифатида замонавий, шаффоф ва фуқароларга йўналтирилган бошқарув моделини қуришни кўрсатиб ўтди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2026 йилдан бошлаб «Электрон ҳукумат» платформаси тубдан янгиланади.
Ягона рақамли платформага барча идораларнинг 1000 дан ортиқ давлат хизматлари, 5000 дан зиёд функция ва ваколатлари, 240 та маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари, шунингдек, маҳалладан республика даражасигача бўлган 100 мингдан ортиқ давлат хизматчиларининг ваколатлари интеграция қилинади.
Сунъий интеллект технологияларини жорий этишга алоҳида урғу берилди.
Платформага келиб тушадиган мурожаатлар, уларни ижрочилар ўртасида тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатларини назорат қилиш сунъий интеллект ёрдамида амалга оширилади.
Президент янги тизим маълумотларни яшириш ва топшириқлар ижросига юзаки ёндашиш имкониятини истисно қилишини таъкидлади.
«Бу гаплар ҳаммага ҳам ёқмаслиги мумкин, лекин энди ҳеч ким ҳеч қаерга беркина олмайди. Ҳамма нарса кафтдагидек аён бўлади. Бу нимани англатади? Платформага келиб тушадиган мурожаатлар, уларни ижрочилар ўртасида тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатларини назорат қилиш сунъий интеллект ёрдамида амалга оширилади», — деди.
«Биз янгича ишлашни бошлаяпмиз. Энди одамларни алдаб бўлмайди — одамлар бизга ишоняпти, йўлимизга ишоняпти. «Қилса бўлар экан-ку» деган тушунча пайдо бўлди. Энди биз давлат органларидаги Президент вакилларининг масъулият даражасини онгли равишда оширамиз ва уни мутлақо янгича йўсинда қурамиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Давлат раҳбари маҳалладан республика даражасигача бўлган ҳар бир масала бўйича ижрочи, муддатлар ва ресурслар бир жойда акс этишини тушунтирди.
«Қашқадарёда Шаҳрисабз ҳокими нима қилди? Жиззахда Зомин ҳокими нима қилди? Ҳаммаси кўриниб туради ва ниҳоятда аниқ бўлади. Ҳеч ким ҳеч қаерда ҳеч нарсани яшира олмайди. Сунъий интеллектни алдаб ёки «бўяб» бўлмайди», — деди Президент.
Унинг сўзларига кўра, янги тизимга ўтиш осон кечмайди, бироқ бу муқаррар.
«Бўлмайди», «ўрганолмаймиз» дейишади, лекин биз бир йилда ўзимизни тарбиялаймиз. Энди халқни алдаш мумкин эмас. Агар ваъда бердикми — уни бажаришга мажбурмиз», — деб таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев зарур қонунчилик ўзгаришлари босқичма-босқич қабул қилинишини маълум қилди.
«Нима учун мен буни депутатларимизга ҳам аста-секин айтяпман? Сизлар тайёрланишингиз керак. Биз қонунларни ҳам аста-секин қабул қиламиз. Албатта, 2026 йилгача ҳали тўлиқ тайёр бўлмаймиз, лекин қадамма-қадам бунга тайёрланишингиз керак — қонунлар қабул қилинади», — деди у депутатларга юзланиб.
Инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан ҳоли давлат хизматлари тизимини яратишни у асосий вазифа деб атади.
Шунингдек, давлат хизматларини проактив ва комплекс кўрсатиш тизими ривожлантирилади.
«Агар янги уй қурган фуқаро кадастр ҳужжатларини олиш учун мурожаат қилса, янги платформа бир вақтнинг ўзида сув, электр ва газга уланиш масалаларини ҳам ҳал қилади», — деб тушунтирди.
Президентнинг сўзларига кўра, бундай хизматлар сони 2026 йилда 100 тага етказилади.
Келаси йили янги платформа Наманган ва Сурхондарё вилоятларида, Тошкент шаҳрида, шунингдек, ушбу ҳудудларнинг туман ва маҳаллаларида — қурилиш, адлия, олий таълим ва солиқ хизмати органлари иштирокида тўлиқ синовдан ўтказилади.
«Қийин бўлади, оғир бўлади, лекин бизда бошқа йўл йўқ. Халқимиз биздан айнан шуни кутяпти», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
У ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари ва ҳоким янги йилдаёқ ўз тумани даражасида шундай тизимли ишни жорий этишни бошлаши кераклигини қўшимча қилди.
«Биз давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш бўйича кенг кўламли ишларни бошлаяпмиз. Бугун гап жамиятимизда чиндан ҳам йирик ва барқарор тизимни жорий этиш ҳақида кетмоқда. Бу ишни «инсон — олий қадрият» тамойили асосида давом эттириш энг тўғри қарор бўлади», — кўрсатиб ўтди президент.

