
Ўзбекистон шаҳар ва туманларида ҳокимнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, эндиликда рақамлаштиришга масъул бўлган вазир ўринбосарлари ва тармоқ раҳбарлари ўз соҳаларида сунъий интеллектни ривожлантириш учун ҳам бир вақтнинг ўзида жавобгар бўлади.
Шунингдек, барча вазирлик ва ҳокимликларга сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш билан шуғулланувчи алоҳида бўлинмалар ташкил этиш топширилди. Улар олдига рақамли ечимларни қўллаш орқали иш самарадорлиги ва хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, ортиқча харажатлар, яширин иқтисодиёт ва бюрократияни қисқартириш вазифалари қўйилди.
Бундан ташқари, хорижий тилларни биладиган ва юқори техник тайёргарликка эга 100 нафар мутахассис СИни жорий этиш бўйича илғор тажрибани ўрганиш учун АҚШ, Европа, Сингапур ва Японияга олти ойлик курсларга юборилади.
2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда вазирлик ва ҳудудларда СИни жорий этиш даражасини баҳолаш имконини берувчи рейтинг тизими амал қила бошлайди.
Президент сунъий интеллект технологияларига бўлган жаҳон талаби ўсиб бораётган шароитда мамлакат рақобатбардошлигини таъминлаш учун учта асосий йўналиш — инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Хабарда айтилишича, сўнгги 8 йилда мамлакатда 300 минг км оптик толали алоқа тармоқлари қурилган, аҳоли пунктларининг 99% мобил алоқа билан қамраб олинган, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш учун 7 та дата-марказ ишга туширилган.
2025 йилда соғлиқни сақлаш, энергетика, банк-молия сектори, божхона ва солиқ, транспорт, тоғ-кон саноати ва қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект соҳасида 100 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Президент бу вазифаларни бажариш учун замонавий ҳисоблаш қувватлари ва суперкомпютерлар талаб қилинишини, аммо ҳозирги ресурслар фақат кичик лойиҳаларни ишга туширишга имкон беришини таъкидлади. Шу сабабли тадбиркорлар миллионлаб доллар сарфлаб, хорижий инфратузилмадан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Шу муносабат билан 2025 йилда 16 та суперкомпьютер харид қилиш учун $50 миллион доллар ажратилган, 2026 йилда эса молиялаштириш ҳажми икки баравар оширилади.
Президент аввалги йиғилишда Урганчда барча шаҳар хизматларини бирлаштирган сунъий интеллект асосидаги «Ақлли шаҳар» тизимининг муваффақиятини қайд этган эди. Шунга ўхшаш лойиҳаларни барча вилоят марказлари ва Тошкент туманларида жорий этиш топширилди. Амалдаги мансабдорларга ҳафтада бир кунни СИни ривожлантиришга ажратиш вазифаси юклатилган.