Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/02/2026

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти судларида аттестациядан ўтган халқ вакиллари иштирокида тажриба бошланади

Ўзбекистонда ҳакамлар ҳайъати институтини жорий этиш бўйича эксперимент ва суд тизимида қатор бошқа ўзгаришлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 2026 йил 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўзда тутилган.

Биринчи босқичда 2026 йил ноябрь ойидан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти судларида «халқ вакиллари коллегияси» (jury ёки ҳакамлар ҳайъати) институтини жорий этиш бўйича эксперимент бошлаш режалаштирилган.

Пилот лойиҳа доирасида халқ вакиллари ўта оғир жиноятлар бўйича жиноят ишларини кўриб чиқишда иштирок этади (тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар бундан мустасно).

«Хабеас корпус» ва тергов судьялари ваколатларининг кенгайтирилиши

Ҳужжат билан «хабеас корпус» институти доирасида судгача бўлган иш юритиш босқичида суд назоратини кучайтириш кўзда тутилган.

Тергов судьяларига қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда.

Жиноят процессида мажбурлов чораларини қўллаш ва инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назорати кучайтирилиши, республикадаги барча тергов судьяларининг ваколатлари кенгайтирилиши кутилмоқда.

«Хабеас корпус» (лат. habeas corpus) — инглиз жиноят-процессуал ҳуқуқи институти бўлиб, шахс дахлсизлиги принципи билан чамбарчас боғлиқ; у инглиз-саксон ҳуқуқий оиласига мансуб бошқа мамлакатларнинг ҳуқуқий тизимларига ҳам киради. «Хабеас корпус» қоидасига мувофиқ, ҳибсга олинган шахс ёки унинг номидан бошқа шахс судга асоссиз ҳибсга олиш ёки ушлаб туриш устидан шикоят қилиши ва бундай ҳибсга олиш ёки ушлаб туришнинг қонунийлигини текшириш учун ҳибсга олинган шахсни судга олиб келишни буюрувчи махсус суд буйруғи берилишини талаб қилиши мумкин.

Адвокатлар ҳуқуқларини кучайтириш

Дастур билан 2026 йил 1 июнга қадар ҳимоя ва айбловнинг процессуал имкониятларини тенглаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш топширилди.

Хусусан, янги процессуал ҳужжат — «Ҳимоя фикри»ни жорий этиш кўзда тутилган. Адвокат прокурор томонидан айблов хулосаси топширилиши билан бир вақтда судга ҳимоянинг ёзма позициясини тақдим этиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, адвокатларга терговга қадар текширув ва дастлабки терговнинг исталган вақтида иш материаллари ва далиллар билан танишиш ҳамда улардан нусха кўчириш ҳуқуқи берилади. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар (шу жумладан жабрланувчилар ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳолатлар) бундан мустасно.

Алоҳида қайд этилишича, давлат органларига, шу жумладан нотариал ва кадастр хизматларига адвокатлик сўровлари бепул ижро этилади.

Ушбу чора-тадбирлар 7000 дан ортиқ адвокатнинг жиноят процессида шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатларини кенгайтириши кутилмоқда.

Иқтисодий судлар

Судлар ташқи савдо контрактлари билан боғлиқ ишларда мослашувчанлик кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иқтисодий судларга, агар тадбиркор инсофли ҳаракат қилган бўлса ва кўрган чораларига мутаносиб бўлса, экспорт контрактлари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарздорлиги учун жарима миқдорини камайтириш ваколати берилади.

Эслатиб ўтамиз, Судьялар олий кенгаши 2026 йил 12 февраль куни президентга судьялар ва уларнинг оила аъзоларининг мол-мулкини декларация қилишни мажбурий этиш, судлар аппаратларида комплаенс-назоратни жорий этиш, шунингдек, судларга ишга қабул қилишнинг шаффоф тартибини ўрнатишни таклиф қилган эди. Давлат раҳбари ушбу таклифларни қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, давлат дастурида судьялар ва бошқа давлат хизматчиларининг декларация тизими кўзда тутилмаган.

Ўзбекистонда, шунингдек, судьяларни ташкилий ишлардан озод этувчи суд маъмуриятчилиги институтини жорий этиш режалаштирилмоқда. Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоровнинг сўзларига кўра, бундай амалиёт АҚШ, ЕИ, Сингапур ва Жанубий Кореяда муваффақиятли ишламоқда.