Streetpark Systems компанияси Тошкентда ягона шаҳар автотураргоҳ ахборот тизимини ташкил этиш бўйича танловда ғолиб бўлди. Бу ҳақида Республика товар-хом ашё биржасининг электрон давлат харидлари тизими маълумотларида келтирилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Тошкент инвест» компанияси 2024 йил декабрнинг ўртасида энг яхши таклифларни саралаш жараёнини эълон қилган эди. Техник топшириққа кўра, шаҳар автотураргоҳларини бошқариш ва улардан автоматлаштирилган тарзда фойдаланиш имконини берадиган «Тўловли автотураргоҳлар» дастурий мажмуасини яратиш назарда тутилган.
«Тошкент инвест» мазкур тизимнинг оператори бўлади. Унинг вазифаларига Тошкентдаги автотураргоҳлар устидан назорат ўрнатиш, уларнинг бандлик даражасини бошқариш, тўловли тизим ва тариф сиёсатини жорий этиш, нақд ва нақдсиз тўловларни амалга ошириш имкониятини таъминлаш, маълумотларни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизликни таъминлаш киради. Фойдаланувчилар автотураргоҳ учун тўловни мобил илова, интернет-порталдаги шахсий кабинет ёки SMS орқали амалга оширишлари мумкин бўлади.
Танлов шартларига кўра, шартнома 10 йил муддатга тузилади. Лотнинг бошланғич нархи камайтириш усулида 8.22 миллиард сўм этиб белгиланган.
Танловда «Интермобилити» ва Streetpark Systems компаниялари иштирок этди. Биринчи компания ишни 7.15 миллиард сўмга (ҚҚСсиз) бажаришни таклиф қилган бўлса, Streetpark Systems 6.78 миллиард сўм таклиф қилди.
2024 йил 29 декабрда ўтказилган танлов комиссияси йиғилиши натижасига кўра, Streetpark Systems ғолиб деб топилди. ҚҚСни инобатга олган ҳолда, шартнома қиймати 7.59 миллиард сўмни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь ойи охирида Balcomuz қўшма корхонаси Тошкентдаги 86 та кўча бўйлаб тўловли автотураргоҳларни ташкил этиш бўйича аукционда ғолиб бўлган эди. Компания мазкур тураргоҳ жойларини уч йиллик ижарага олиш учун 120 миллиард сўмдан ортиқ таклиф қилган, аммо E-Auksion маълумотига кўра, у билан ҳам, захира ғолиб билан ҳам шартнома тузилмаган.
2024 йил 17 декабрда қайта савдолар ўтказилди ва Streetpark Systems ғолиб бўлиб, лот учун 62.93 миллиард сўм таклиф қилди.
2024 йил октябрда Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан тўловли автотураргоҳларни ташкил этиш тартиби ва уларнинг тарифлари тасдиқланган. Нархлар тариф зоналарига боғлиқ ҳолда соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача этиб белгиланган.
Автотураргоҳ ҳақи «Тўловли автотураргоҳлар» биллинг тизими орқали тураргоҳ эгасига ўтказилади. Бу тўлов нақд ва нақдсиз шаклда амалга оширилиши мумкин (техник ускуна имкониятларидан келиб чиққан ҳолда). Оператор олинган маблағларнинг маълум қисмини шартномага мувофиқ Тошкент шаҳар иқтисод ва молия бош бошқармаси ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасига ўтказади.
Шунингдек, шартнома проформада техник хизматлар учун тўловлар ҳам назарда тутилган бўлиб, улар умумий шартнома муддати (10 йил) давомида белгиланган миқдордан ошмаслиги лозим. Хизматлар учун ҳар чоракдаги тўлов фойдаланувчилар томонидан «Тошкент инвест»га киритиладиган тўловларнинг 2% улушини ташкил этади. Якуний сумма умумий туташган автотураргоҳлар сони ва аввал тўланган иш босқичлари асосида ҳисоблаб чиқилади.
Шундай қилиб, Streetpark Systems нафақат Тошкентда тўловли автотураргоҳлар тизимини яратади, балки келажакдаги бозор иштирокчилари уланадиган ягона тизим учун техник ёрдам ҳам кўрсатиб, бундан даромад топади.
Streetpark Systems ҳақида
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР) маълумотларига кўра, Streetpark Systems 2024 йил 13 ноябрда рўйхатдан ўтган. Унинг асосчилари Қудратбек Дилшодович Яқубов (шунингдек, Leader Great Trade, Aziz Export 777 ва Prime Avto Consulting компанияларида улушга эга) бўлиб, у компаниянинг 75% улушига эгалик қилади. Венгриянинг iCell Mobilsoft Zrt ва Kasy Park компаниялари эса ҳар бири 12.5% улушга эга.
Kasy Park 2021 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан давлат-хусусий шериклик доирасида 10 йил муддатга тўловли автотураргоҳлар тизимини яратиш бўйича тендерда ғолиб чиққан биринчи компания эди. Бироқ, Транспорт бошқармаси ҳуқуқий база йўқлиги сабабли унга тураргоҳ жойларини ажратиб бермаган.
Kasy Park асосчилари: Миродил Ниғматжон ўғли Фозилов (Oazis Lux Investments, Benchmark Distribution, ADM Invest) – 55%, қурилиш компанияси Oldfolk – 40%, Гулнора Акрамовна Ниғмонова – 5%.