
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 20 январь куни спорт соҳасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар натижалари ва 2026 йилга мўлжалланган вазифалар билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллион кишига етган, спорт билан мунтазам шуғулланувчи фуқаролар сони эса сўнгги йилларда қарийб 1,5 бараварга ошган.
2025 йилда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Бутунжаҳон универсиадасида 13-ўринни, Баҳрайндаги Ёшлар ўйинларида ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги ўйинларида 2-ўринни, БААда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида эса 1-ўринни эгаллади.
Футбол бўйича миллий терма жамоа илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Шахматчи Жавоҳир Синдаров жаҳон шахмат тожи учун номзодлар турнирида иштирок этадиган бўлди.
Президент эришилган натижалар билан чекланиб қолмаслик кераклигини таъкидлади. У қатор спорт турлари бўйича кўрсаткичлар ҳали мавжуд инфратузилма ва салоҳиятга мос эмаслигини қайд этиб, оммавий спорт қамровини 17 миллион кишига етказиш вазифасини қўйди.
Халқаро спорт ўйинлари ва Олимпиадалар учун захира шакллантириш мақсадида Президент олимпиадаси доирасида селекция тизимини жорий этиш давом эттирилмоқда. Шавкат Мирзиёев мусобақаларни йилига икки марта, ҳудудларда 13−14 ёш тоифаси ўртасида ўтказиш ҳамда спорт турлари сонини босқичма-босқич 20 тага етказиш бўйича топшириқ берди.
Йиғилишда Олимпия шаҳарчасига аллақачон 17 та олимпия спорт федерациялари ва бошқа спорт ташкилотлари кўчиб ўтгани айтилди. Президент ушбу мажмуалар ягона спорт кластерига айланиши кераклигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, спорт натижалари нафақат объектлар қуриш ва мусобақалар ўтказишга, балки спорт илми соҳасидаги тизимли ишларга ҳам боғлиқ эканини қайд этди. У спорт фармакологияси, диетологияси, жисмоний ва функционал тайёргарлик, реабилитация ва юкламаларни индивидуал режалаштиришда замонавий усулларни фаолроқ жорий этишга кўрсатма берди.
Президент спортни ривожлантиришга хусусий сектор ва инвесторларни кенгроқ жалб этиш зарурлигини таъкидлаб, спорт инфратузилмаси, машғулот марказлари ва спорт хизматлари соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни топширди.
Алоҳида таъкидландики, спорт мактаблари маҳалла даражасида ишлаши керак. Давлат раҳбари иқтидорли болаларни эрта аниқлаш тизимини мустаҳкамлаш ва уларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.
Давлат раҳбари, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон минтақа ва дунёда спорт кураши бўйича кучли мавқега эга бўлаётганини қайд этди. Ушбу йўналишни оммалаштириш учун Минтақавий спорт яккакурашлари академиясини ташкил этиш кўзда тутилган. Жорий йилдан бошлаб Президент кубоги, «Ўзбекистон ботирлари» турнири, Бош прокурор кубоги ва ҳарбий хизматчилар ўртасида кураш мусобақалари мунтазам ўтказилади.
2026 йилда ҳудудларда қурилаётган мактабларда миллий кураш билан бир қаторда юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича спортчилар тайёрлана бошлайди. Йил якунига қадар ҳар бир туман ва шаҳарнинг камида биттадан мактабида кураш клублари очилади.
Ўзбекистон президентига 2026 йил январь ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган халқаро спорт тадбирлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Бутунжаҳон сузиш федерацияси Ижроия бюроси йиғилиши, Марказий Осиё минтақавий антидопинг агентлиги (RADOCA) йиғилиши, халқаро форум ва Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси бўлиб ўтади.
Олимпия кенгаши Бош ассамблеясида Осиёда олимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш ва ушбу орган президенти сайловини ўтказиш режалаштирилган. Унда Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) ва халқаро спорт федерациялари раҳбарлари — жами 360 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.