
Тошкентда сохта ҳужжатлардан фойдаланиб, шахсий масалаларини ҳал қилиш учун ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Президенти Администрацияси ходими деб таништирган 32 ёшли Жавоҳир Орифжоновга нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Эркак Йўл-патруль хизмати ходимлари унинг Lacetti русумли машинасини тўхтатганидан сўнг қўлга олинди. Ҳайдовчи ўзини ДХХ ходими деб таништириб, гувоҳнома кўрсатган. Шунингдек, у гўёки юқори лавозимли танишига қўнғироқ қилган, у телефон орқали ЙПХ ходимидан уни қўйиб юборишни талаб қилган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари эркакнинг шахсини текшириб, гувоҳнома сохта эканлигини ва унинг ДХХга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини аниқладилар.
Тергов давомида эркакнинг бир неча бор ўзини Президент Администрацияси, ҳуқуқ-тартибот органлари ва турли вазирликлар ходими деб таништиргани аниқланди. Унда бир нечта сохта гувоҳномалар бўлган.
Суд қўлга олинган шахсни Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган; олдиндан тил бириктирган ҳолда гуруҳ бўлиб) ҳамда 3-қисми (Қалбакилиги аён бўлган ҳужжатдан фойдаланиш) билан айбдор деб топиб, 59-моддага (Бир неча жиноят содир этилганда жазо тайинлаш) мувофиқ, узил-кесил уч ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. У жазони манзил-колонияда ўтайди.